11 сентябрь куни Шаҳрисабз маҳаллий аэропорти фуқаро авиацияси парвозлари учун ўз фаолиятини тиклади, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Silk Avia авиакомпаниясининг Тошкентдан илк парвози маҳаллий вақт билан соат 13:10 да аэропортга бориб қўнди. Парвоз вақти 1 соат 30 дақиқани ташкил этди. Анъанага кўра, L410 русумли самолёт сув аркаси билан, биринчи йўловчилар эса карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

Шаҳрисабздан 5 км жануби-ғарбда қурилган мазкур аэропорт 1983 йилда очилган. 1983−1996 йилларда Тошкент-Шаҳрисабз йўналиши бўйича парвозлар ёз ойларида ҳафтасига 4 марта, куз-қиш мавсумида эса 3 марта амалга оширилган, шунингдек, Урганч-Шаҳрисабз йўналиши бўйича ҳам самолётлар ҳафтасига икки марта парвоз қилган.

1993−1995 йилларда Тошкент — Қарши — Шаҳрисабз йўналишида ҳам парвозлар амалга оширилган. Ҳаво қатновлари An-2, An-24, Yak-40, RJ-85 русумли самолётларда бажарилган. Бироқ аэропорт 2003 йилнинг ноябрь ойида ёпилган.

uzbekistan airports, шаҳрисабз аэропорти

Айни пайтда аэропорт фуқаро авиацияси парвозларига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Узунлиги 1554 метр ва эни 35 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги, иккита самолёт ва тўртта вертолёт туриш жойига эга аэродром қуйидаги турдаги самолётларни сиғдира олади: ATR-42, ATR-72, L-410 ва барча турдаги вертолётлар. Аэропорт мажмуаси соатига 100 йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Парвозлар чоршанба ва шанба кунлари L-410 ҳаво кемасида қуйидаги жадвалга мувофиқ амалга оширилади:

  • Тошкентдан жўнаб кетиш соат 11:40, Шаҳрисабзга етиб бориш соат 13:10;
  • Шаҳрисабздан жўнаб кетиш соат 13:50, Тошкентга етиб бориш соат 15:50.

2023 йилнинг октябрида ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз аэропортига янги ATR самолёти парвозлари йўлга қўйилиб, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва водий вилоятларига маҳаллий рейслар кўпайтирилишини айтганди.