Фирибгарлик жиноятларини содир этганликда айбланиб 2023 йилдан буён қидирувда бўлган Дониёржон Муқимжонов Муродил ўғли Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда Истанбулдаги бош консулхона хабар берди.

Қайд этилишича, 32 ёшли эркак Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Истанбул шаҳрида қўлга олинган.

У 2022−2023 йилларда ишончга кириш йўли билан ўзгаларнинг умумий ҳисобда қарийб 60 минг доллар миқдоридаги пулларини ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Консуллик ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Истанбулдаги бош консулхонага ёки Ўзбекистон ИИВ ёхуд унинг қуйи тизимларига мурожаат қилишни сўради.

«Жиноий жавобгарликдан қочиб хорижий давлатларда, шу жумладан, Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади», — дейилади хабарда.

Ташкилот сўнгги вақтларда фирибгарлик ҳолатлари юзасидан мурожаатлар сони ортганини таъкидлаб, фуқароларни огоҳликка чақирди.