Yandex Uzbekistan раҳбари лавозимига Иззат Шукуров тайинланди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, у мамлакатдаги Yandex хизматларини ривожлантириш, шунингдек, унинг технологиялари, маҳсулотлари ва халқаро тажрибаси асосида Ўзбекистондаги фойдаланувчилар ва бизнес учун янги имкониятлар яратишга масъул бўлади.

Иззат Шукуров бунга қадар технологиялар ва электрон савдо соҳасидаги компаниялар ва лойиҳаларни бошқарган.

Хусусан, Payze финтех компаниясининг Марказий Осиё минтақасидаги фаолиятини бошқарган, Newmax Technologies компанияси директори сифатида Ўзбекистонда Maxtrack транспортни бошқариш ечимини, Workly иш вақтини ҳисобга олиш тизимини, биринчи MyTaxi такси агрегаторини ва Express24 озиқ-овқат етказиб бериш хизматини жорий этишда ўз ҳиссасини қўшган.

«Менинг компаниядаги вазифам — Yandex`нинг Ўзбекистондаги ўсиш имкониятларини топиш ва бир вақтнинг ўзида мамлакатга Yandex ташаббуслари ва лойиҳалари орқали ёрдам бериш», — деди у.

Маълумот учун, Yandex Uzbekistan 2018 йилдан буён мамлакатда такси онлайн буюртмаси, озиқ-овқат ва маҳсулотлар етказиб бериш хизматлари, гео хизматлар, кўнгилочар сервислар ва таълим лойиҳалари билан фаолият юритмоқда.