10 сентябрь куни Будапештда шахмат бўйича ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган йирик жамоавий мусобақа — 45-шахмат олимпиадаси бошланди. Бу йил Венгрияга 200 га яқин давлатдан 380 нафар эркак ва аёллар жамоалари келди.

Мусобақада Ўзбекистон эркаклар терма жамоасидан Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдаров, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов, аёллар терма жамоасидан Афруза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова ва Нодира Нодиржонова иштирок этмоқда.

Эркаклар терма жамоаси мураббийи россиялик Владимир Крамник — собиқ жаҳон чемпиони, шахматнинг XXI асрдаги тимсолларидан бири, аёллар жамоасига эса шахмат олимпиадасида уч марта ғолиб чиққан россиялик гроссмейстер Алексей Дреев мураббийлик қилади.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон шахматчилари ва уларнинг рақибларининг ушбу турнирдаги имкониятларини таҳлил қилган эди.

шахмат, шахмат олимпиадаси

Эркаклар терма жамоаси вакиллари биринчи даврада Тринидад ва Тобагодан келган рақибларини 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди. Нодирбек Абдусатторов ва Шамсиддин Воҳидов рақибларини муаммосиз енгди, лекин Жаҳонгир Воҳидов ва айниқса Нодирбек Ёқуббоевда, рейтинглардаги катта фарққа қарамай, муаммолар юзага келди (Ўзбекистоннинг ўртача рейтинги 2690 ва бу жадвалда 4-ўрин, Тринидад ва Тобагода эса 2222 ва 95-ўрин).

Фото: UzChess / Telegram.

Ёқуббоев партиянинг ярмини мағлуб ҳолатда ўтказди, бироқ рақиб ғалабали вариантни топа олмай, дурангга рози бўлди (партия).

Воҳидовнинг ўйини ҳам ёмон тус олди, бироқ рақиб хатога йўл қўйиб, ўзбекистонликка ташаббусни ўз қўлига олиш имконини берди (партия).

шахмат, шахмат олимпиадаси

Аёллар терма жамоаси Гаитига ҳеч қандай имконият қолдирмади — 4:0 (1, 2, 3, 4-партиялар).

Фото: UzChess / Telegram.

Турнирда 381 та жамоа иштирок этмоқда, улардан 197 таси очиқ секцияда, 184 таси аёллар чемпионатида.

Жамоалар ҳар икки секцияда тўртта ўйинчи + битта ўринбосардан иборат. Мусобақа Швейцария тизими бўйича 11 раундда ўтказилади, вақт назорати 40 та юриш учун 90 дақиқа, ўйин тугашигача 30 дақиқа қўшилади, ҳар бир юриш учун биринчисидан бошлаб +30 сония.