Чирчиқ дарёсининг Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан бир гуруҳ шахслар ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олиш билан шуғулланиб келгани аниқланди. Бу ҳақда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ўз Telegram каналида хабар қилди.

Жараёнда бир қисм қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдони ҳам йўқ қилингани маълум бўлган. Ўрганишлар давом этмоқда.

Ўрганишда ушбу ноқонуний ҳаракатлар оқибатида табиатга 441 млрд 299 млн сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланган.

Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтичодий жиноятларга қарши департаменти маълум қилишича, Самарқанд тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «L.P.» МЧЖ раҳбари А.Б. корхонага балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун ажратилган ҳудуддан ўзбошимчалик билан 33,2 минг куб метр ҳажмдаги қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 3,1 млрд сўм зарар етказгани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда вилоят ўрмон хўжалигига қарашли Кармана тумани «Янги ариқ» МФЙ ҳудудида жойлашган ер майдонидан 79,3 минг куб метр ҳажмдаги қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олингани оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,1 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 192−11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни президент фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилганди.