Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Миробод туман суди собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўришни ёпиқ режимга ўтказди, дея хабар бермоқда «Дарё».

12 сентябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги вакили Ғофур Маҳкамов фуқаровий даъвогар сифатида суддан жараённи ёпиқ ўтказишни сўради.

Йиғилишда бўлган ОАВ вакилларидан бири мазкур агентлик вакили бугунги судга илк бор қатнашаётганини айтди, деб ёзади нашр.

Судда агентлик вакилининг илтимосномасини тинглаган адвокатлар, жумладан, адвокат Қиличов, Раҳматов, Алимов ва Янгибоевлар ҳамда аксарият судланувчилар бу илтимосномани рад этишни, боиси Жиноят-процессуал кодексида 2 хил ҳолатда — давлат сири ва жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолатларда ёпиқ суд мажлислари бўлиши белгиланганини эслатди.

Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига кўра, барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилади, бундан давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар, шунингдек, жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилаётган ҳоллар мустасно.

18 ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ҳамда жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек улар оила аъзоларининг ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда бошқа ишларни суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.

Суд ишига раислик қилувчи Сардор Содиқов бир неча адвокатлар ва судланувчиларнинг суд мажлиси очиқ бўлишини сўрагани, шунингдек, саноқли адвокатларнинг судга ҳавола қилиши ҳақидаги сўзларини тингласа-да, «хизмат доирасидан фойдаланиш мумкин бўлган маълумотлар янграшини инобатга олган ҳолда шундай қарорга келдик», дея судни ёпиқ деб эълон қилди. Ҳамда журналистлардан буни тўғри тушунишни сўради, деб ёзади «Дарё».

Шуни таъкидлаш керакки, суднинг ишни ёпиқ мажлисда кўриш тўғрисидаги ажрими бутун жараёнга ёки унинг алоҳида қисмларига нисбатан чиқарилиши мумкин. Судья бутун жараённи ёпиқ кўришга қарор қилди.

Аввалги йиғилишда судда ОАВ вакилларига фото, видео олиш ҳамда аудио ёзиб олиш тақиқланганди. Айрим адвокатлар журналистларни ёлғон тарқатишда айблаган. Антикоррупция агентлиги бундай қарор президент фармонига зидлигини айтиб, мажлисни жонли эфирга узатишга чақирган.