Фирибгарликда айбланиб қидирувга берилган 47 ёшли эркак Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди, дея хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллиги.

Қайд этилишича, Атабек Абдуллаев 2019 йилдан буён фирибгарлик содир этганликда айбланиб келмоқда.

У Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинди. Сўнгра бош консулхона ходимлари иштирокида Ўзбекистонга депортация қилинди.

Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВ ёхуд унинг қуйи тизимларига мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилди.

Аввалроқ худди шу жиноятда айбланиб, 10 йилдан буён қидирувда бўлган Жахонгир Хасанбоев, 2 йилдан буён қидирувда бўлган Дилафруз Мадиева ва Дониёржон Муқимжонов ҳамда бошқалар Ўзбекистонга қайтариб юборилгани хабар қилинганди.