Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец 2026 йилги Жаҳон чемпионатига саралаш 3-босқичининг иккинчи ўйинида Қирғизистон устидан қозонилган ғалаба бўйича изоҳ берди. Бишкекдаги учрашув 2:3 ҳисобида якунланди. Ўйинни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам кузатиб борди.

«Футболчиларимни ғалаба билан табриклайман. Биз бундай голларни ўтказиб юбормаслигимиз мумкин эди. Қайси жамоага қарши ўйнаманг, бу каби голларни ўтказиб юборсангиз, жамоа шокка тушиши мумкин, аммо футболчиларимиз ўша заҳотиёқ жавоб қайтаришди ва Шома (Элдор Шомуродов — таҳр.) жавоб голини киритди. Умуман олганда, бу ғалабага ҳақли эдик. Бизда олти очко бор. Кейинги ўйинлар бир ойдан кейин ўз уйимизда бўлади, ғалаба қозонишга эса яхши имконият бор», — деди Сречко Катанец.

Унинг сўзларига кўра, футболчилар кераксиз хатоларга ҳам йўл қўйди, эҳтимол, бу майдон сифати билан боғлиқ.

«Жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларининг сўнгги босқичида биз бундай хатоларга йўл қўя олмаймиз. Ушбу босқичда энг яхши жамоалар жам бўлади. Биз концентрацияни кучайтиришимиз керак», — деди мутахассис.

Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси Элдор Шомуродов жамоа уч очко қўлга киритгани ва муҳими ҳам шу эканини айтди.

«Биринчи бўлимда гол ўтказиб юбордик, иккита зарбадан сўнг уларнинг ҳисобида иккита гол бор эди, бу вазиятни қийинлаштирди, аммо биз ўйинни ташлаб қўймадик. Иккинчи бўлимга кўпроқ концентрация билан чиқдик ва ғалабага эришдик. Олдинда ҳали ўйинларимиз кўп. Ортиқча хурсандчиликка берилмаймиз. Вазифа бажарилиши учун олдинга ҳаракат қиламиз», — деди футболчи.

Икки тур якунларига кўра, Ўзбекистон олти очко билан ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Эрон 6 очко билан иккинчи, БАА эса 3 очко билан учинчи ўринда.

жч-2026 саралаши, сречко катанец, футбол, элдор шомуродов

Миллий терма жамоа навбатдаги ўйинни 10 октябрь куни соат 19:00 да Тошкентда Эронга қарши ўтказади. 15 октябрь куни соат 19:00 да Сречко Катанец шогирдлари БААни қабул қилади.