Президентнинг тегишли қарорига кўра, Сирожиддин Қоршибоевич Эшқувватов Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Тайинловга қадар Эшқувватов 2023 йил августидан бери Тошкент вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

У 1980 йилда Жиззах вилоятида туғилган. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини ва 2009 йилда Бош прокуратура Олий ўқув курсларини тамомлаган. 2011−2014 йилларда Ўзбекистон Бош прокуратураси прокуратура органларида терговни назорат қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.

Эшқувватов бир муддат Андижон вилояти прокурори лавозимида ҳам ишлаган.

Шу муносабат билан Козим Тўлаганов инспекция бошлиғи лавозимидан озод этилди. Унинг янги тузилган Архитектура ва қурилиш соҳаси фахрийлари кенгаши раиси этиб тайинлангани айтилмоқда.