12 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Туркия Миллий разведка ташкилотининг Иброҳим Қалин бошчилигидаги делегациясини қабул қилди, деб хабар қилди ДХХ матбуот хизмати.

Учрашувда хавфсизлик соҳасида икки томонлама ҳамкорлик масалалари, хусусан, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик, террорчилик фаолиятига алоқадор бўлган қидирувдаги шахсларни ушлаш ва депортация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

«Туркия делегациясининг ташрифи икки давлат ўртасидаги юқори даражадаги сиёсий алоқалар жадал ривожланиб бораётган бир шароитда бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Туркия қардош давлатлар сифатида замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларида якдил позицияга эга», — деб ёзди ДХХ матбуот хизмати.

Хабарда, шунингдек, бугунги кунда фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва амалий ҳамкорлик мамлакатларни терроризм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишларидан ҳимоя қилиши таъкидланади.