Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги хусусий боғчада 2 ёшли бола овқат тиқилиб қолиши оқибатида вафот этганди. Ҳолат юзасидан 11 сентябрь куни жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 7 август куни оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган И.С. тўсатдан вафот этган. Судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, у нафас йўллари беркилиб қолиши сабабли (обтурацион асфикция) вафот этган.

Аниқланишича, туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул шахслари боланинг туғилганидан буён унда аниқланган камқонлик (анемия) касаллигини шу кунга қадар даволаш чораларини кўрмаган, масъул мансабдор шахслар бу борада қатъий назорат ўрнатмаган.

Шу билан бирга, болани боғчага қабул қилишда умумий соғлиғи ҳақидаги маълумотнома олинмасдан ҳамда бола 3 ёшга тўлмаган бўлса-да, тарбияланувчилар сафига қабул қилинган.

«Масъуллар томонидан болада соғлиғи билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган жараёнлар доимий назоратга олинмаган ҳамда кузатилган дастлабки тиббий симптомларни мунтазам равишда назорат қилиб борилмасдан, малакали биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмаган», — дейилади хабарда.

И.С.нинг вафот этгани ҳолати юзасидан Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 192−11-моддаси 1-қисми (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда жиноят иши бўйича Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болалар омбудсмани ўз ваколатлари доирасида мазкур ҳолат юзасидан кузатув олиб бормоқда.