Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат хизматчиларининг иш ҳақини оширишга мораторий киритди, деб ёзади 24.kg давлат раҳбари фармонига таяниб.

«Давлат идоралари, қўмиталар, президентнинг ҳудудлардаги ваколатли вакилликлари, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари ходимларининг иш ҳақини оширишга тақиқ жорий этилмоқда», — дейилади фармонда.

Мораторий 2026 йилгача жорий қилинди. Фармон давлат бюджетининг «харажатларини оптималлаштириш» учун қабул қилинди.

Худди шу фармон билан давлат органларининг штатларини кенгайтириш ҳам тақиқланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, давлат хизматчиларининг иш ҳақи ва штат тузилмаси алоҳида ҳолларда президентнинг алоҳида қарори билан ўзгартирилиши мумкин.

  • Қирғизистонда давлат хизматчиларининг маошлари охирги марта 2022 йил августида оширилган эди. Ўшанда президент маъмурияти ушбу чора мансабдор шахсларнинг иш сифатини ошириши ва коррупция хавфини камайтириши кераклигини таъкидлаганди.
  • Сентябрь ойи бошида Жапаров, шунингдек, ихтиёрий асосда ишлайдиган барча ёрдамчи ва маслаҳатчиларни ишдан бўшатган эди. «Қарор президент маъмуриятини ислоҳ қилиш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш доирасида қабул қилинди», — дея таъкидлаганди Қирғизистон раҳбари матбуот хизмати.