Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 3 сентябрь куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати маълум қилди.

ЙТҲ соат 17:10 атрофида Работ маҳалласидан ўтувчи Зомин-Жиззах йўналишида юз берган. Nexia ҳайдовчиси тезликни меъёрдан ошириб, қувиб ўтиш қоидаларини бузган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган.

Шу вақтда у қаршисидан ҳаракатланиб келаётган 41 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti билан тўқнашган.

ЙТҲда Nexia машинасининг 42 ёшли ҳайдовчиси оғир жароҳатлар билан воқеа жойида ҳалок бўлган. Ундаги 66 ёшли йўловчи эса шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.