Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг Осиё кўчасидаги собиқ астрономия боғи — Ўзгидромет, Астрономия ва Сейсмология институтлари ўртасида жойлашган ҳудуд жамоатчилик экопаркига айлантирилади. 7 сентябрь куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида мазкур лойиҳа бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди, дея хабар бермоқда тадбирда қатнашган «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов.

2017 йилда 5,5 гектардан иборат мазкур ҳудудни «Астрономия ва аэронавтика» боғига айлантириш тўғрисида Ўзбекистон президентининг қарори имзоланганди. Орадан беш йил ўтиб, пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу ҳудудни «Замонавий гул боғи»га айлантириш бўйича қарор чиқарган. Аммо ҳар икки лойиҳа ҳам охиригача амалга ошмай қолган.

Ҳудуднинг ҳозирги қиёфаси.Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»Ҳудуднинг ҳозирги қиёфаси.
Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»

oxygen park, парк, экология вазирлиги

Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, ушбу ҳудуд сентябрь бошида вазирлик тасарруфига ўтказилди. У ерда Oxygen park номли жамоатчилик парки ташкил этилади.

«Бу ер қачонлардир астрономия парки бўлган, охирги йилларда эса расво аҳволга келтирилди. Мазкур ҳудудни сақлаб қоламиз, деб ҳеч ким ишонмаганди. У ерда катта қурилиш ишлари қилиниши ва бир нечта кўп қаватли уйлар тушиши керак эди, бошидан ҳеч қандай астрономия парки қилиш режаси бўлмаган. Ҳатто Гидрометеорология хизмати маркази биноси бузилиб, унинг ўрнида ҳам катта уйлар тушиши керак бўлган. У ҳудудда яшил парк барпо этишга қарор қилганимиздан кейин жуда кўп тўсиқларга учрадик, бизга жуда қийин бўлди. Чунки у ҳудудга даъвогарлар кўп экан. Қаттиқ ҳаракат қилганимиз учун ҳудудни вазирлик тасарруфига ўтказдик. Аммо ҳалигача „эртага расвосини чиқариб, бузиб ташлашади“, „турли нохуш ҳолатлар кузатилади“, деган фикрлар билдириляпти. Ўйлашимча, бундай хатти-ҳаракатлар кузатилмайди ва жамоатчилик биргаликда яшил парк қуришга эришамиз», — деди вазир.

Вазирлик ҳузуридаги «Яшиллойиҳа» лойиҳалаштириш институти директори ўринбосари Фарҳод Деҳқоновнинг таъкидлашича, ҳозирга қадар паркдаги ўсимлик дунёсининг ярми йўқ қилинган.

«Ҳақиқатан, парк охирги йилларда қаровсиз бўлиб, абгор ҳолатга келиб қолганди. Бугунги кунгача паркнинг 50 фоиз ўсимлик дунёси йўқ қилинган. Тошкент шаҳри ҳокимининг қарори билан тадбиркор паркни тиклаши керак эди. Минг афсуски, у инвестиция шартларини бажармагани учун ер ҳокимлик балансига қайтариб олинган. Шу орада ҳудуд тадбиркор томонидан абгор ҳолатга келтирилган. Бизнинг мақсад — боғни яна аввалги яшил ҳудудга айлантириш», — деди у.

Унга кўра, ушбу 5,5 гектар ҳудуднинг вазирлик тасарруфига ўтгани жамоатчиликнинг катта ютуғи бўлди.

«Парк номини шартли равишда Oxygen деб номладик. Бу кислород, ҳаво, деган маъноларни билдиради. Тошкент шаҳрида қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ривожлангани сари шаҳар ҳавоси ёмонлашиб, ифлосланяпти. Жамоатчилик аралашуви билан мана шундай паркларнинг тикланиши ва мавжудларининг кенгайтирилиши, албатта, пойтахт ҳавосини яхшилашга олиб келади. Жамоатчилик билан бирга Тошкентнинг навбатдаги кичкинагина ўпкасини яратмоқчимиз. Илм-фан ривожланган ҳудудда жойлашган мазкур парк, албатта, аҳоли учун севимли масканга айланади», — деди Фарҳод Деҳқонов.

Унинг сўзларига кўра, Oxygen park лойиҳасини ишлаб чиқишда Италиянинг Af Management компанияси ҳам қатнашган. Лойиҳа концепцияси парк ҳудудини яшил майдонлар ва хиёбонлар билан ободонлаштириш, марказий майдон, концертлар учун яшил очиқ амфитеатр, манзарали кўл, экокафе, интерактив ўйинлар майдони, кутубхона, атиргул боғи, бадиий галерея, шаршара, китобхонлик боғи, болалар майдончаси, шахмат боғи ва табиат қўйнида дам олиш учун мўлжалланган бошқа иншоотларни ўз ичига олган.

oxygen park, парк, экология вазирлиги

Фарҳод Деҳқонов.

«Лойиҳада боғнинг асосий элементига айланадиган кенг кўкаламзорлаштириш ҳудудини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Режаларда ноёб ва маҳаллий турдаги дарахт ҳамда буталарни экиш кўзда тутилган бўлиб, бу нафақат ҳудудни ободонлаштириш, балки шаҳардаги экологик вазиятни яхшилашга ҳам хизмат қилади. Боғда жойлашган астрограф минорасини кутубхонага айлантириш режалаштирилган ва унинг атрофида юлдузларни кузатиш учун қоронғи жойлар яратилади», — деди Фарҳод Деҳқонов.

Унинг қайд этишича, паркда Оққўрғон канали қайта тикланади, қирғоқлари тош билан ўралади. Канал бўйлаб сояли дарахтлар ва яшил ўсимликлардан иборат йўлак ободонлаштирилади. Шунингдек, боғда 100 дан ортиқ атиргул турларини ўз ичига олган 4000 квадрат метр атиргулзор барпо этилади.

oxygen park, парк, экология вазирлиги

Лойиҳа тақдимотидан сўнг экология вазири Азиз Абдуҳакимов аҳоли ва ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтарди. Унинг қайд этишича, парк ҳудудида бирорта аттракцион ҳам, ресторан ҳам бўлмайди.

«Олдинги инвесторлар қилган хатоларни қайтариш режамиз йўқ. Парк лойиҳасини амалга оширишда инвестор ҳам, бошқаси ҳам қатнашмайди, бу фақат жамоатчилик лойиҳаси бўлади. Кўпчилик паркда, албатта, аттракцион ҳам бўлиши керак, деб ўйлайди. Ўзбекистондаги деярли барча ҳокимлар ҳам паркларга аттракцион қўйиш керак, дейди. Биз эса аттракционсиз парк яратиб кўришни мақсад қилдик. Хориж тажрибасидан кўриш мумкинки, замонавий паркларнинг бирортасида чиқинди қутилари йўқ. Одамлар чиқиндисини ўзи билан бирга олиб кетиши керак. Биз ҳам мана шу талабни жорий қиламиз. Бу эксперимент бўлади, ишлайдими ёки йўқ — буни вақт кўрсатади. Бирорта ҳам тўсиғи йўқ паркни Японияда кўп кўрганман, Нью Йоркда ҳам бор бунақа жойлар. Шу сабабли ушбу парк атрофида ҳам ҳеч қандай панжара-тўсиқлар ўрнатилмайди, очиқ жой бўлади. Аҳоли хоҳлаган вақтида — 24 соат давомида бемалол бориши мумкин бўлади. Шунингдек, камералар ўрнатилади, ёритиш тизими ҳам йўлга қўйилади. Қисқаси, биз биринчи марта сокин парк қилмоқчимиз», — деди вазир.

«Парк ҳудудидаги 2 та обсерватория сақлаб қолинади ва реставрация қилинади. Улар борлигини инобатга олиб, намунали парк қилмоқчимиз, яъни йиллар ўтса ҳам, у ерда ҳеч қандай қурилиш бўлмаслиги учун паркни табиий мерос рўйхатига киритишни режалаштиряпмиз», — дея қўшимча қилди у.

«Лойиҳа давлат бюджетидан молиялаштирилмайди»

Ҳукумат вакили лойиҳа қайси манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши, жараён вақтида маблағ етмай қолса, инвесторлар қўшилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Ҳамма нарса албатта, маблағга бориб тақалади. Лекин бу лойиҳа давлат бюджети маблағларидан эмас, кўпроқ жамоатчилик билан бирга қилинади. Вазирлик ҳам „Яшил макон“ дастури доирасида маблағлар ажратади. Парк лойиҳасини амалга оширишда аҳоли ҳам, ўша ерда яшовчи фуқаролар ҳам дарахт ё маблағ томонлама ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Бу борада уларни ҳеч ким мажбурламайди. Масалан, ўзим нафақат вазир, балки оддий фуқаро сифатида паркка бир қанча дарахтлар экиб, маблағ ажратиш ниятим бор. Балки бошқаларда ҳам шундай ният пайдо бўлар. Бундан ташқари, дарахтларни ноқонуний кўчирган ёки кесганларга нисбатан қонунчиликда 100 тадан ортиқ дарахт экиш мажбурияти юклатилган. Шундай дарахтлар ҳам мазкур паркка ўтқазилади. Шунингдек, бир қанча фондлар ҳамда табиатни асрашга ҳисса қўшиш мақсади борлигини мен билан учрашувларда такрор-такрор айтадиган йирик корхоналар раҳбарлари ва чет эл инвесторлари ҳам ёрдам беради, деб ўйлайман. Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, ушбу парк катта харажат талаб қилмайди. У ерга ўзимизнинг маҳаллий дарахтларни кўпроқ ишлатамиз», — деди Абдуҳакимов.

Боғ номи нега хорижий тилдан олиняпти?

Лойиҳа тақдимотида аҳоли вакилларидан бири паркка нега айнан Oxygen номи берилгани, бу сўз ўзбекча эмаслиги ҳақида сўради.

«Ҳамма энди ўзига ёққанини қилади. Хоҳласангиз, ўзбекча ном қўйсак ҳам бўлади, фарқи йўқ. Oxygen бу халқаро сўз, инглизча ҳам эмас, бу — лотин тилидаги сўз. [Паркка бу ном берилса] одамлар Oxygen нима эканига қизиқиб, қидира бошлайди. Мисол учун, номни эшитсангиз, қўлингизда смартфон бўлса, бу сўз маъносини қидириб кўрасиз, буни хоҳласангиз ҳам керак. Шу сабабли брендинг нуқтаи назардан шу сўзни лозим топдик. Лекин кўп таклифлар берилди: „Астрономия“, „Космик“ деган вариантлар ҳам бўлди, кўп ўйландик. Аммо ноанъанавий бир нарса бўлса, одамларни қизиқтиради. Бир, икки йилдан кейин ҳеч бир одам бу сўзнинг фарқини ҳам сезмайди. Биласизлар, ҳар бир мавжуд тил йиллар давомида янги сўзлар билан бойитиб борилган. Мисол учун, нимага биз ўзбек тилини бу сўз билан бойитмаймиз? Сизлар бу ном бизга умуман тўғри келмайди, биз бу номга қаршимиз, деб айтсаларингиз, майли, қандайдир номни таклиф қилинглар. Бу масалада сўровнома ўтказайлик, балки танлов ҳам қилишимиз мумкин, одамлар ўзига маъқул келганини танласин. Биз шу сабабли ҳам жамоатчилик эшитувини ташкил қилдик», — деди вазир.

Азиз Абдуҳакимов ҳудуддаги мавжуд дарахтлар ва уларнинг тақдири тўғрисидаги саволга жавоб бераркан, уларнинг кўпи касаллангани, улар орасида кесиладиганлари ҳам борлигини айтди.

oxygen park, парк, экология вазирлиги

«Кесилган дарахтларни паркнинг ўзига ишлатамиз: ўриндиқлар, эко йўлаклар ва манзарали нарсалар ясаш тизимини қилмоқчимиз. Шунингдек, паркка қўшимча 400 та дарахт ва турли ўсимлик, бута экилади. Ҳудудга табиий ўсимликларни кўпроқ экиб, ҳайвонот дунёсини ҳам тиклаш режамизда бор. Қушлар, турли ҳашаротлар кўпайиши, табиий ва сокин парк бўлиши керак. Шу орқали экотизимни тиклаш мақсадимиз бор. Сувни тежаш учун суғориш тизимида замонавий технологиялардан фойдаланилади ҳамда кичкина кўлда йиғилган ёмғир ва қор суғориш учун ҳам ишлатилади», — деди вазир.

Тошкент шаҳри экология бошқармаси бошлиғи Акмал Расуловнинг айтишича, парк ҳудуди хатловдан ўтказилган. У ерда 700 га яқин дарахт ва бута мавжуд бўлиб, 35 та дарахт тўлиқ ва 15 га яқинининг тепа қисми қуриган. «Ушбу ҳудуд олдин тадбиркорга берилгани ҳаммага маълум. Унга нисбатан ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига берилган ва тадбиркорга нисбатан жиноят иши очилган», — деди Акмал Расулов.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимовга кўра, айни пайтда ҳудудда тозалаш ишлари бошланган. «Жамоатчилик эшитувидан кейин тайёргарлик ишлари бошланади. Экопарк узоғи 1,5 йил ичида тайёр ҳолатга келади. Кейинги йил якунигача тугатишни режалаштиряпмиз», — деди у.