12−13 сентябрь кунлари Хоразм вилояти Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди. Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон парламентлари раҳбарлари ва делегациялари иштирок этди, деб хабар берди Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Анжуман аввалида Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини Сенат раиси Танзила Нарбаева ўқиб эшиттирди.

Нарбаева ўз нутқида минтақанинг ҳамма давлатлари тараққиётини бевосита МОнинг барқарорлиги ва фаровонлигига узвий боғлиқ ҳолда кўришини, келишувларни муваффақиятли амалга ошириш учун парламентлараро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.

парламентлараро форум, сенат, танзила нарбаева

«Бугун барчамизда умумий қараш шаклланмоқда — яъни минтақа тараққиёти, хавфсизлиги ва фаровонлиги бўлинмасдир ва умумий тақдирга эга. Зеро маданияти, урф-одати ва анъаналари, қадриятлари бир бўлган халқларда дўстлик ва ҳамкорликдан бошқа йўл ҳам мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, биз парламент вакиллари ўзаро алоқаларимизнинг кейинги истиқболларини белгилаб олишимиз керак», — деди Сенат раиси.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда дунёда рўй бераётган мураккаб вазият, атрофдаги ҳолатнинг ўзи МО мамлакатларининг янада жипсроқ бўлишини тақозо қилмоқда.

Анжуманда қатнашган БМТ бош котибининг махсус вакили Каха Имнадзе форум парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинувини ривожлантириш, мавжуд муаммолар бўйича ўзаро ечимлар топишда ижобий роль ўйнашини қайд этди.

парламентлараро форум, сенат, танзила нарбаева

«Ушбу форум Ўзбекистоннинг минтақадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги муҳим ролини яна бир бор тасдиқлайди, — деди у. — Ўз навбатида, халқаро майдонда мураккаб ҳолат, қарама-қаршилик сақланиб турган бир вақтда Марказий Осиё минтақаси барқарор ҳамкорликнинг намунасини намойиш этмоқда. Бунда давлат раҳбарлари ўртасидаги Маслаҳат кенгаши механизми асосий роль ўйнамоқда».

Бундан ташқари, форум доирасида Танзила Нарбаева Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон парламентлари палаталари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Учрашувларда минтақада қайд этилган натижалар «давлатлар раҳбарларининг ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари» туфайли рўй бераётгани алоҳида таъкидланди.

парламентлараро форум, сенат, танзила нарбаева

Шунингдек, муҳокамалар давомида парламентлараро алоқаларни янги мазмун билан бойитиш, олий даражадаги келишувларни амалга оширишда парламент назоратидан унумли фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Бу борада парламентлараро дўстлик гуруҳлари ва ҳамкорлик комиссиялари фаолияти самарадорлигини ошириш лозимлиги қайд этилди.

Томонлар минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, маҳаллий вакиллик органлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ишларини йўлга қўйишга келишиб олди.