Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Muhteshem Doner ресторани мижозлар оммавий заҳарланиши ортидан вақтинча ёпилди. Санитария-эпидимиология қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 6−8 сентябрь кунлари пойтахтда овқатдан заҳарланиш белгилари билан жами 23 нафар шахс шифохонага жойлаштирилган.

Уларнинг 22 нафари Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига ҳамда 1 нафари Тошкент шаҳри 4-сонли юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.

Дастлабки ўрганишларга кўра, уларнинг барчаси 5 сентябрь куни туманнинг Ниёзбек йўли кўчасида жойлашган Muhteshem Doner ресторанида бир неча турдаги таомни истеъмол қилган.

Бирламчи эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, заҳарланишга ресторанда тайёрланган соус (уни беморларнинг барчаси истеъмол қилган) сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган хулосага келинган.

Жабрланувчилардан бирининг Kun.uz`га хабар беришича, 6 фуқаро тушлик вақтида ресторанга кирган ва уларнинг аҳволи кечга бориб ёмонлаша бошлаган.

«Ишхонамиз шу атрофда бўлгани учун 5 сентябрь куни тушлик қилгани 6 нафар ҳамкасбим билан бирга чиқдик. Ўша куни кечга бориб бирин-кетин ҳаммамизнинг аҳволимиз ёмонлаша бошлади. Ҳолсизланиш, кўнгил айниши билан бошланиб, қоринда кучли оғриқ пайдо бўлди. Кетма-кет қайт қила бошладим ва 41 даража иситма ҳолатида шифохонага келдим. 6 кишидан 5 нафаримиз ҳозир касалхонадамиз. Бир нафар ҳамроҳимиз биз истеъмол қилган соусдан емаган эди. Унда бу ҳолат кузатилмади», — деди беморлардан бири.

Олиб борилган даволаш муолажалари натижасида беморларнинг аҳволи яхшилангани ва 12 сентябрь 09:00 ҳолатига кўра, уларнинг 13 нафарига уйларига рухсат берилгани маълум қилинди. Қолган 10 нафар беморни даволаш ишлари давом эттирилмоқда ва касаллик динамикасида ижобий ўзгаришлар кузатиляпти, дейилади хабарда. Айни пайтда барча беморларнинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.

Ҳозирда истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом этмоқда. Бош прокуратура ҳолат юзасидан суриштирув ишларини бошлаган.