12 сентябрь куни Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги «Учқўрғон» чегара божхона пости (Қирғизистон томонидан «Кенсай») тантанали равишда очилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мазкур божхона постидан бир кунда ўртача 10 минг нафар фуқаро ўтиши мумкин. У орқали 500 дан ортиқ юкли ҳамда 300 дан ортиқ енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланиши кутилмоқда.

Ушбу пост географик жиҳатдан бевосита Қирғизистоннинг «Ўш-Бишкек» довон авто йўлига яқин ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг «Учқўрғон-Автойўл» ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги «Кенсай-Автойўл» назорат-ўтказиш пунктлари сайёҳларнинг Қирғизистон ҳамда Хитойга ўтиб қайтишлари ва транзит ўтишлари учун энг қисқа йўл ҳисобланади, дейилади хабарда.

Тожикистоннинг Хўжанд вилоятидан Россия, Хитой ҳамда Қирғизистон давлатларига олиб ўтиладиган транзит юклар ҳам «Учқўрғон» чегара пости орқали ҳаракатланиши натижасида Андижон вилояти «Дўстлик» чегара постидаги транспорт оқими 30−40 фоизга камайиши кутилмоқда.

Қўмитанинг билдиришича, мазкур ўтказиш пункти 2016 йилда Киргизистон томонидан бир томонлама ёпиб қуйилган эди.

Эслатиб ўтамиз, шу куни Андижон вилоятидаги Қирғизистон билан чегарадош «Қорасув» чегара божхона пости 14 йиллик танаффусдан сўнг қайта очилди. Постдан кунига 12 мингдан ортиқ одам ўтиб-қайтиши мумкин.