12 сентябрь куни Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги «Қорасув» чегара божхона пости тантанали равишда очилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳрида жойлашган «Қорасув» ва Ўш вилоятининг «Корасуу» ўтказиш пункти 14 йил аввал ёпилган. Уларнинг фаолиятини қайта тиклаш икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувга асосан амалга оширилган.

«Қорасув» чегара божхона пости 3 гектардан зиёд майдонга эга бўлиб, ундан кунига 12 минг нафардан зиёд фуқаролар ўтиб-қайтишлари мумкин. Пост орқали йўловчилар асосан ёпиқ иншоотлар бўйлаб ҳаракатланишади.

«Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятидан Жалолобод вилоятига ўтиш учун шу вақтга қадар 120 км масофа босиб ўтилган бўлса, энди ушбу масофа 101 километрга қисқариб, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб транзит тарзида атиги 19 км ҳаракатланиш кифоя», — дейилади қўмита хабарида.

Шу куни Наманган вилоятида «Учқўрғон» назорат-ўтказиш пункти ҳам очилади.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг март ойида Ўзбекистон Ўш вилоятининг Аравон тумани ва Андижон вилоятининг Марҳамат туманини боғловчи йирик «Қорасув-Автодорожний» ўтказиш пунктини бир томонлама ёпиб қўйганди. Чегара яқинида яшовчи Қирғизистон аҳолиси пунктдан нафақат автомобиллар, балки пиёдалар ҳам ўтказилмаслигини айтишганди.

Ўзбекистондан Қирғизистонга автомашинада ўтмоқчи бўлганлар «Қорасув» НЎПдан 25 км узоқликда жойлашган «Дўстлик-Автодорожний» НЎПдан фойдаланишлари керак эди. 2022 йилнинг апрель ойида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларида қўшимча 3−4 ўтказиш пункти очилиши режалаштирилаётганини маълум қилганди.

2023 йилнинг май ойида тармоқларда Ўзбекистон томони 2010 йилда фаолияти тўхтатилган «Бекобод-Хонобод» НЎП яқинидаги деворни бузаётгани акс этган видео тарқалганди. Ўшанда «Қорасув» ва «Кара-Багиш» НЎПларнинг ҳам очилиши кутилаётгани хабар қилинганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 2023 йилнинг 1 сентябрдан бошлаб икки мамлакат чегарасини ID карта орқали кесиб ўтишлари мумкин.