11 сентябрь куни Тожикистон олий муфтийси, Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзоданинг танасига санчиб-кесувчи тиғ билан зарба берилди, дея хабар қилди мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Воқеа соат 17:20 ларда Душанбе шаҳри марказий масжиди олдида намоздан сўнг содир бўлган.

Ҳужум қилган шахс ички ишлар ходимлари томонидан ушланган. Абдулқодирзода ҳужум туфайли енгил жароҳат олган ва шифокорлар кўригидан ўтказилгач, яшаш манзилига кузатиб қўйилган, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Саидмукаррам Абдулқодирзода 61 ёшда. У 2010 йил октябрь ойидан буён Тожикистон Уламолар кенгашига раҳбарлик қилиб келмоқда.