Йил охиригача Yandex Uzbekistan Yandex Go иловасининг ишлаш ҳудудини ривожлантириш ва кенгайтириш ҳамда мамлакатда янги хизматларни ишга тушириш учун 33 миллион доллардан ортиқ сармоя киритади. Бу ҳақда компания раҳбари Иззат Шукуров «Газета.uz»га маълум қилди.

Yandex Go иловасидан саёҳатларга буюртма бериш хизмати жорий йилда Термиз, Урганч, Хива ва Гулистон шаҳарларида ишга туширилиб, мавжуд шаҳарлар сони 14 тага етди. Йил охиригача компания яна бир нечта шаҳарларга етиб боришни, шунингдек, мавжуд шаҳарларда тарифлар қаторини кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Электрон тижорат соҳасида Yandex кичик ва ўрта корхоналар учун етказиб бериш хизматларини ривожлантирмоқда. Yandex Go ичида тадбиркорлар «Еда» хизмати билан ҳамкорлик орқали «Дўконлар» ёки «Ресторанлар» тоифасидаги таомлар, маҳсулотлар ва бошқа товарларни сотишни ташкил этишлари ёки Етказиб бериш хизмати ёрдамида ўз маҳсулотларини маркетплейсдан ташқарида жўнатишлари мумкин.

Иккала хизмат ҳам ўз ҳудудини кенгайтиради. Yandex Go`дан Термиз, Урганч, Хива ва Гулистонга саёҳатлар йўлга қўйилгандан сўнг у ерда ҳам етказиб бериш иш бошлади. Тадбиркорлар учун ечим яқин ойларда Самарқанд ва Андижонда ҳам тақдим этилади.

Шундай қилиб, йил охиригача Yandex Go иловаси Ўзбекистоннинг 16 та шаҳрида мавжуд бўлиши кутилмоқда. Yandex Uzbekistan ҳам бир нечта янги хизматларни ишга туширишни режалаштирмоқда, деб таъкидлади Иззат Шукуров ва компания улар учун зарур инфратузилмага сармоя киритаётганини қўшимча қилди.

«Рақамли хизматларнинг оммалашуви шаҳарлар инфратузилмасини, умумий овқатланиш ва савдо, логистика ва мижозларга хизмат кўрсатиш соҳаларида кичик бизнесни ривожлантиришга ёрдам беради», — деди компания раҳбари.