Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида кеч қолган ўқувчи қизлар жисмоний машқ қилишга мажбурланди. Ҳолат акс этган видео Telegram каналларида тарқалди.

Андижон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими️️ таъкидлашича, ҳолат 12 сентябрь куни содир бўлган. Ўша куни мактабнинг 10-«Z» синфининг ўқувчилари соат 9:20 да мактабга келишган.

Хабарда қайд этилишича, улар томонидан мунтазам дарсга кеч қолиш ҳолатлари кузатилаётгани боис мактабнинг масъул ходими Д.Т. томонидан ўқувчилар тартибга чақирилган.

Ушбу ҳолат мактаб директори томонидан назоратга олиниб, ўқувчилар дарсларга киритиб юборилган ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари билан дарс жараёнлари 8:00 дан бошланиши ва ушбу вақтда ўқувчиларни мактабга келишларини таъминлаш зарурлиги юзасидан суҳбат олиб борилган.

Шунингдек, мактаб директори томонидан масъул ходим Д.Т.га ўқувчилар билан педагогик этика қоидаларига риоя этган ҳолда муносабатда бўлиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, унга нисбатан интизомий чора қўлланилган.

Аввалроқ ҳолат юзасидан болалар омбудсмани ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазири муносабат билдирганди.

«Таълимдаги тартиб-қоидалардан четга чиқиб, ўқувчиларга нисбатан турли жазолаш усулларини қўллаш ҳамда болани оммавий изза қилиш унинг шаъни ва қадр-қимматини поймол этади — бу боланинг конституциявий ҳуқуқларини бузишдир. Бундай номақбул ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас», — деди болалар омбудсмани.

Вазир эса вазирлик таълим беришда бундай методларни умуман оқламаслиги, ҳар бир инсонга шахс сифатида қараш, эътиборни жазога эмас муаммони ҳал этишга қаратиш лозим эканини таъкидлади.