12 сентябрь куни Будапештда бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг иккинчи турида ўзбекистонлик шахматчилар ғалаба қозонди.

Эркаклар терма жамоаси вакиллари биринчи турда тринидад ва тобаголик рақибларини 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи турда Миср терма жамоасига қарши ҳам худди шундай ҳисоб қайд этилди.

Нодирбек Абдусатторов Адҳам Фаузини ютди (партия), Нодирбек Ёқуббоев Карейм Вагейни ортда қолдирди, Шамсиддин Воҳидов Самеҳ Садеқни мағлуб этди. Жавоҳир Синдаров (ФИДE рейтинги — 2677) рейтинглардаги катта тафовутга қарамай, Ҳамид Вафой (2368) билан дуранг ўйнади.

Шу билан бирга, онлайн рейтингда Абдусатторов (2768,6) Алиреза Ферузжани (2767) ортда қолдириб, ФИДE жаҳон рейтингида яна 5-ўринга кўтарилди.

Аёллар терма жамоаси Анголани 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова ва Маржона Маликова ғалаба қозонди (1, 2, 3), Нилуфар Ёқуббоева эса мағлубиятга учради.

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси учинчи турда Хорватияга қарши, аёллар терма жамоаси эса Венгрияга қарши ўйнайди.

шахмат олимпиадаси

шахмат олимпиадаси

Фотолар: UzChess / Telegram.

Олимпиада

10 сентябрь куни Будапештда икки йилда бир марта ўтказиладиган энг йирик жамоавий шахмат турнири — 45-шахмат олимпиадаси бошланди. Турнирда 381 та жамоа иштирок этади, улардан 197 таси очиқ секцияда, 184 таси аёллар чемпионатида.

Жамоалар ҳар икки секцияда тўртта ўйинчи + битта ўринбосардан иборат. Мусобақа Швейцария тизими бўйича 11 раундда ўтказилади, вақт назорати 40 та юриш учун 90 дақиқа, ўйин тугашигача 30 дақиқа қўшилади, ҳар бир юриш учун биринчисидан бошлаб +30 сония.

Мусобақада Ўзбекистон эркаклар терма жамоасидан Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдаров, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов, аёллар терма жамоасидан Афруза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова ва Нодира Нодиржонова иштирок этмоқда.

Эркаклар терма жамоаси мураббийи россиялик Владимир Крамник — собиқ жаҳон чемпиони, шахматнинг XXI асрдаги тимсолларидан бири, аёллар жамоасига эса шахмат олимпиадасида уч марта ғолиб чиққан россиялик гроссмейстер Алексей Дреев мураббийлик қилади.