Ўзбекистонда 107 нафар мансабдор шахслар уларга тақиқланган фаолияти тури билан шуғулланиши аниқланди, дея хабар қилмоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Хусусан, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда, уларда фаолият юритаётган 107 нафар бошқарув ходим 116 та тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди.

Жумладан, Транспорт вазирлигининг 50 та бошқарув ходимлари 55 та тадбиркорлик субъектларида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 37 та бошқарув ходимлари 39 та тадбиркорлик субъектларида ҳамда Маданият вазирлигининг 20 та бошқарув ходимлари 22 та тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолатларини бартараф этиш бўйича мазкур вазирликларга агентлик томонидан киритилган тақдимномалар ушбу вазирликлар томонидан танқидий муҳокама қилинган ва тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказиб келинмоқда. Хусусан, аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликларидаги 398 нафар бошқарув ходими тадбиркорлик билан шуғулланиши аниқланганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 4-моддасига асосан давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунининг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ўрнатилган.