Август ойида Ўзбекистон аҳолиси ва бизнесининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари яна ўса бошлади, бу Марказий банк ўтказган сўровнома натижаларидан келиб чиқади.

Аҳолининг нарх бўйича кутилмалари икки ой давомида кетма-кет пасайиб келди, ўтган ой охирида эса кескин кўтарилиб, 13,1 фоизга (июлга нисбатан +1,1 фоиз пункт) етди. Тадбиркорлар учун бу кўрсаткич уч ой давомида кетма-кет пасайиб келган бўлса, август ойида у 12,5 фоизгача (+1,3 фоиз) ошди.

Тошкент вилояти аҳоли ўртасидаги пессимистик инфляцион кутилмалар бўйича етакчига айланди. Мазкур вилоятда яшовчи аҳоли инфляция 14,6 фоиз бўлишини (+3,9 фоиз), тадбиркорлар эса 13,3 фоиз (+1,1 фоиз) бўлишини кутмоқда.

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Тошкент шаҳри (14,4 фоиз, +0,7 фоиз) ва Сирдарё вилояти (14,4 фоиз, +1,6 фоиз) аҳолиси ҳамда тадбиркорлари (мос равишда 13 фоиз ва 12,8 фоиз) нархлар юқори суръатларда ўсишини кутмоқда.

Жиззах (13,6 фоиз) ва Андижон (13,4 фоиз) вилоятлари тадбиркорларининг кутилмалари бошқа ҳудудлардаги бизнес эгаларига нисбатан юқорироқ шаклланди.

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Август ойида аҳоли ўртасида ўтказилган сўровларда коммунал хизматлар нархларининг ўсиши бешинчи ой кетма-кет нархларнинг ошишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асосий омил бўлди — респондентларнинг 49 фоизи шу вариантни танлаган (июлда — 51 фоиз эди).

Иккинчи ўринда кетма-кет тўртинчи ой давомида ёнилғи ва энергия ресурслари (электр энергияси, газ) нархларининг ошиши бўлиб турибди. Август ойида сўровда қатнашганларнинг 46 фоизи (44 фоизи) бу омил кейинги 12 ой ичида нархлар ошишига таъсир қилишини қайд этган.

Учинчи ўриндан валюта курсининг ўзгариши жой олган — респондентларнинг 42 фоизи шундай фикрда (39 фоиз эди). Кейинги ўринларда иш ҳақи ва пенсияларнинг ошиши (40 фоиз, 22 фоиз эди), монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши (27 фоиз, 28 фоиз эди), транспорт харажатларининг ошиши (26 фоиз, аввалги ойда ҳам 26 фоиз эди) каби омиллар қайд этилган.

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Бизнес учун нархларни оширувчи асосий омил коммунал хизматлар нархларининг ўсиши бўлиб қолмоқда — респондентларнинг 47 фоизи (50 фоиз эди) бу омилни кўрсатган, шунингдек, ёнилғи ва энергия ресурслари нархининг ошиши ҳам асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда (45 фоиз).

Март ойидан бери тобора камроқ респондентлар валюта курси ўзгариши омилини қайд этиб келаётганди, аммо август ойида бу омил мустаҳкамланди 42 фоиз (38 фоиз).

Кейинги ўринларда иш ҳақи ва пенсияларнинг ошиши (38 фоиз, 17 фоиз эди), транспорт харажатларининг ўсиши (31 фоиз, аввалги ойда ҳам 31 фоиз эди), солиқ юкининг юқорилиги (27 фоизга, 28 фоиз), хомашё нархларининг юқорилиги бўлиб турибди (26 фоиз, 25 фоиз эди).

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Даромадлари 2 млн сўмгача бўлган аҳоли гуруҳлари ўртасида инфляцион кутилмалар бирмунча пасайди — 12,6 фоиздан 12,1 фоизгача. Даромад даражаси юқори бўлган бошқа гуруҳларда эса нархлар ўсиши бўйича кутилмалар ошди.

Инфляцион кутилмалар — аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси давр учун инфляция даражаси тўғрисидаги тахминлари. Инфляция кутилмаларига асосланиб, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, сотувчилар ва харидорлар ўзларининг келгусидаги инвестиция, кредит, молиявий ҳамда нарх сиёсатини белгилайди, даромадлар, харажатлар ва тахминий фойда ҳажмини баҳолайди.