Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган шахсларга етарли шароитлар яратилмаган, деб хабар берди инсон ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати.

10 сентябрь куни омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили Шеробод тумани ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширган. Мониторинг давомида мазкур ҳибсхонада сақланаётган маҳбусларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, адвокат билан учрашув хоналари, сайргоҳ ҳамда бошқа шароитлар ўрганилган.

Шунингдек, ҳибсхонада сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муассасадаги шароитлар бўйича фикрлари эшитилган.

Ички ишлар органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига кўра, камераларда бир қаватли ёки икки қаватли каравотлар (ҳомиладор аёллар ва болали аёллар сақланадиган камераларда — фақат бир қаватли каравотлар), стол ва стул, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган жиҳозлар, кийим-бош учун илгич, радиоэшиттириш воситаси, ахлат қутиси, сунъий шамоллатиш тизими (вентиляция), санитария тармоғи (полга ўрнатилган унитаз ва бет-қўл ювгич), иситиш тизими бўлиши керак.

Лекин ушбу ҳибсхонанинг камералари радиоэшиттириш воситалари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган жиҳозлар, ўриндиқлар, кийим-бош учун илгич ҳамда сунъий шамоллатиш тизими билан таъминланмаган. Маҳбусларнинг маълум қилишича, чойшаб ва ёстиқ жилдлари ҳам мониторинг ташрифи куни алмаштирилган.

Шунингдек, ювиниш хоналари санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди ҳамда сайр қилиш майдони таъмирга муҳтож, дея қайд этди омбудсман.

Мониторинг ташрифи якунларига кўра, юқорида санаб ўтилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар тайёрланган ва улар мутасадди вазирлик ва идораларга киритилади.