Суд мажлислари жадвалларига кўра, Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоевага нисбатан навбатдаги суд иши 18 сентябрь куни Навоий вилояти Навбаҳор тумани судида кўриб чиқилади.

мерей омонбоева, савдо-саноат палатаси, фирибгарлик

У Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми а-банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик)да айбланмоқда. Бундай жиноят учун БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд.

Суд ишида жабрланувчи сифатида Меҳрож Саматович Рахматов кўрсатилган. У президент фармойиши билан 2023 йилда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланган. Ўшанда тадбиркор Навоий шаҳридаги Bright Industry Buildings the Future МЧЖ директори сифатида қайд этилган.

Жиноят иши судья Алишер Сайдуллаев раислигида кўрилади.

ССП Навоий вилояти бошқармасининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Мерей Омонбоева ҳозирда ўз лавозимида ишламоқда.

Мерей Омонбоева иши

Шу йилнинг апрель ойида Мерей Омонбоевага нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Ўшанда тадбиркор ва Зулфия мукофоти совриндори фирибгарлик ва пора беришга шерикликда гумонланган.

Омонбоева Навоий шаҳри ҳокими орқали ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, қурувчи тадбиркордан катта миқдорда пул олгани айтилган.

27 ёшли Мерей Омонбоева 2020 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. Ҳозирги лавозимида у 2024 йил 6 мартдан буён ишлаб келмоқда, унгача эса «Зарафшон» маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган.

2021 йил Кармана туманидаги қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш маросимида у давлат раҳбарига «сизнинг келганингиздан „дух“ олдик», деганди. Шавкат Мирзиёев унга президент совғаси сифатида Nexia 3 совға қилган.

Омонбоева унга нисбатан иш қўзғатилганига муносабат билдириб, ОАВдан «асоссиз маълумотларни» тарқатмасликни сўраганди. «Ижтимоий тармоққа чиқаришдан олдин суҳбат қилинг, кейин чиқаринг. Асоссиз чиқарманг. Судлашиб юрмайлик», — деб ёзган у.