Август ойида Самарқанд вилояти Ургут туманидаги «Омонқўтон» миллий табиат боғида бир неча туп дарахт ва ўсимликларга зарар етказилган, деб хабар берди Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, 5 нафар фуқаро миллий боққа «Йўлсой» бўлимида жойлашган собиқ оромгоҳ ҳудуди орқали рухсатсиз ва ҳеч қандай ҳужжатсиз экскаватор ва бульдозерлар билан кириб борган. Боғ раҳбарияти бу муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд экани, рухсатсиз кириш, қурилиш ва қазиш ишларини олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган ҳамда ҳудуддан чиқиб кетишни талаб қилган.

дарахтлар, омонқўтон, ургут, экология, экология вазирлиги

Шунга қарамай, фуқаролар ноқонуний тарзда боғ ҳудудига киришда давом этган ва бир неча дарахтлар ва ўсимликларга жиддий зарар етказган. 2 август куни соат 18:00 ларда миллий табиат боғи ходимлари томонидан қонунбузарлик ҳолати тўлиқ тўхтатилган.

Ўрганишларда қонунбузарлар томонидан боғ ҳудудида техникалар ёрдамида текислаш, ковлаш ишлари олиб борилгани ва «Омонқўтон»га тегишли бўлган 869 метр кв. майдонда Тахтақорача довони билан боғловчи йўл ҳосил қилингани маълум бўлди.

Бунинг оқибатида йўлда мавжуд бўлган 7 турдаги жами 64 туп дарахт ва буталарга зарар етказилган, шундан 27 туп дарахт ва буталар таг қисмидан кесилган ёки қўпориб олинган, қолган 37 туп дарахт ва буталар эса ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастланган. Ўсимлик дунёсига 67 миллион 726 минг сўм миқдорда зарар етказилган.

Бундан ташқари, ҳудудда олиб борилган йўл солиш ишлари натижасида жами 2296 метр кв. ер майдонида мавжуд Қизил китобга киритилган, камёб, камайиб бораётган ва ноёб тур ҳисобланган 12 турдаги 2 минг 591 туп ўсимликлар пайҳон қилиниб, табиатга 1 миллиард 48 миллион сўм миқдорида зиён келтирилган.

Умумий ҳисобда зарар миқдори 1 миллиард 115 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ҳозирда тегишли ҳужжатлар Бош прокуратурага йўлланган.

«Омонқўтон» миллий табиат боғи табиатни асраш, биохилма-хилликни сақлаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишда энг муҳим аҳамиятга эга объектлардан бири ҳисобланади. Бу ерда 1300 турдан ортиқ ўсимлик, ноёб, қимматбаҳо дарахтлар, 126 турдан ортиқ умуртқали ҳайвон, 100 турдан ортиқ қуш учрайди. Ўсимликларнинг 101 тури муҳофазага муҳтож ҳисобланади. Ноёб ҳайвонлар ва қушларнинг 9 тури эса Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) Қизил рўйхати ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.