Париждаги ўйинлар натижалари таҳлил қилиниб, 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган навбатдаги Паралимпия ўйинларига тайёргарлик «ҳозирдан бошланиши керак». Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь, жума куни 2024 йилги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашувда маълум қилди.

Ўзбекистон Паралимпия ўйинларини 26 та медаль — 10 олтин, 9 кумуш ва 7 бронза қўлга киритиб, 168 делегация орасида 13-ўринда якунлади. Бу мамлакат тарихидаги энг яхши натижа, шунингдек, Осиёда 3-ўрин, туркий, ислом давлатлари ва МДҲ давлатлари орасида эса 1-ўрин.

«Маълумки, Ўзбекистон ўз спорт тарихида кўп-кўп ютуқ ва зафарларни кўрган. Лекин Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари ҳеч қачон бўлмаган эди. Бу — сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз самарасидир. Бу — юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижасидир», — деди давлат раҳбари.

Президентимиз барча спорт турлари бўйича миллий терма жамоа учун эришилган натижаларни қайд этиб, ҳар бир параспортчи, уларнинг мураббийлари ва ота-оналарига алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Парижда эришилган натижаларни таҳлил қилиб, 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига «тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз керак», деди у.

паралимпиада-2024, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Париждаги «Стад де Франс» стадионида паралимпиячилар югуриш, ядро ва найза улоқтириш, узунликка ва баландликка сакраш бўйича ўтказилган мусобақаларда фаол иштирок этганини таъкидлади.

«Келгуси Паралимпия ўйинларида амалда юксак самара бераётган спорт турлари қаторида парасузиш ва ўқ отиш каби беллашувлар бўйича ҳам тайёргарлик ва натижадорлик юқори бўлиши учун аниқ стратегия асосида иш олиб боришимиз лозим», — деди у.

Ўзбекистонлик велоспортчилар ушбу Паралимпия ўйинларида илк бор иштирок этди. Эндиликда бу йўналишда «фақат лицензия учун эмас, балки ушбу нуфузли мусобақаларда аниқ натижага эришиш учун курашиш керак».

«Бунинг учун спортчиларимизга барча шароитларни яратиб берамиз. Хусусан, уларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, фармакология ва диетология бўйича ишлар кучайтирилади. Шунингдек, параспортчиларимиз билан ишлайдиган спорт психологлари фаолиятини кучайтириш учун уларни рағбатлантириш бўйича алоҳида тизим жорий этилади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, кейинги Паралимпия ўйинлари якунида Ўзбекистоннинг асосий мақсади «умумжамоа ҳисобида кучли ўнталикка кириш бўлади». Шу мақсадда параатлетлар ҳамда вазирлик ва спорт федерацияларининг фикр ва таклифлари асосида махсус дастур ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент фармони билан Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг мураббийлари ва Миллий паралимпия қўмитаси ходимлари фахрий унвонлар, медаль ва орденлар билан тақдирланган эди.

Президент қарорига кўра (ПҚ-5160) олтин медални қўлга киритган спортчилар учун мукофот пули 200 минг доллар, «кумуш» ва «бронза» учун мос равишда 100 минг ва 50 минг доллар этиб белгиланган. Бу харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Параспортчиларга пул мукофотларидан ташқари, «президент совғаси» сифатида автомобиллар ва уй-жойлар берилади.