Марказий банк томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, август ойида аҳоли томонидан сезилган (шахсий) инфляция даражаси 13,6 фоизгача ошди (+1,2 фоиз пункти). Бу расмий йиллик инфляция даражасидан (10,47 фоиз) юқори.

Регулятор хабарида респондентларнинг июль-август ойларида қайси товар ва хизматлар энг кўп қимматлашгани ҳақидаги жавоблари келтирилган.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Ёзнинг сўнгги ойида респондентларнинг улуши сезиларли даражада ошди (39 дан 57 фоизгача), улар гўшт ва сут, бензин, метан ва пропан нархи — 29 дан 34 фоизгача, ўсимлик ёғиники — 13 дан 24 фоизгача кескин ошгани ҳақида хабар берди.

Июлда респондентлар электр энергияси ва газ нархларининг ўсишини биринчи ўринга қўйганди — август ойида уларнинг улуши 39 фоизгача тушди.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Ҳудудлар кесимида ўтган ойда инфляциянинг сезилган даражаси Тошкент вилоятида энг юқори бўлди — 15,4 фоиз (июлда — 11,5 фоиз эди), шунингдек, Бухорода — 14,9 фоиз (13,3 фоиз), Самарқандда — 14,4 фоиз (12,6 фоиз), Сирдарёда — 14,3 фоиз (12,6 фоиз) ва Тошкент шаҳрида — 14,1 фоиз (14,7 фоиз).

Нархларнинг энг кам ўсиши Навоий (11,6 фоиз, июлда 10,8 фоиз) ва Фарғона вилоятлари аҳолисига (11,4 фоиз) сезилди.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Даромадлари ойига 15 миллион сўмдан юқори бўлган резидентлар учун инфляция даражаси 14,4 фоиздан 13,7 фоизгача пасайган, даромади 10−15 миллион сўм бўлган резидентлар учун эса 14,2 фоиздан 14,8 фоизгача ошган. Сўмлик даромади 7−10 миллион сўм бўлган респондентлар орасида бу кўрсаткич 13,1 фоиздан 14,2 фоизга ўсган. Даромадлари 2−3 миллион сўм бўлган аҳоли инфляцияни 13,8 фоиз (12,3 фоиз), даромадсизлар эса 13,4 фоиз (11,8 фоиз) даражасида бошдан кечирди.

Расмий эълон қилинган инфляция даражаси кўп сонли уй хўжаликларининг талабидан келиб чиқиб, истеъмол нархлари индекси саватидаги барча товар ва хизматларнинг умумий нархлар даражасидаги ўзгаришларни акс эттиради. Шахсий (сезилган) инфляция жисмоний шахс ёки оиланинг кундалик ҳаётида истеъмол қилинадиган товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгариши асосида шаклланади. Агар мунтазам равишда сотиб олинадиган буюмнинг нархи кўтарилса, у камдан-кам ҳолларда сотиб олинадиган буюмнинг нархи кўтарилгандагига қараганда нарх ошиши ҳиссини кўпроқ яратади (батафсил).