Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 7 сентябрдаги фармойишига кўра, пойтахтда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун 732,6 миллиард сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

Тошкент шаҳри ҳокимининг қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва ободонлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов бошчилигида ишчи гуруҳи тузилмоқда, гуруҳ таркибига жами 32 нафар, жумладан, коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар ва бошқа тузилмалар раҳбарлари киради.

Гуруҳ иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари, кўп квартирали уй-жой фондини 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида долзарб муаммоларни ҳал этиш билан шуғулланади.

Ҳар ҳафтада куз-қиш мавсумига тайёргарлик, аҳолидан келиб тушган масалаларни ҳал этиш юзасидан масъул бошқарма, бўлим ва туман раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш режалаштирилган.

Тасдиқланган параметрларнинг бажарилиши учун масъул мансабдор шахслар белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажармаган ёки қониқарсиз бажарган тақдирда, ишчи гуруҳ уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича таклифлар киритади. Ҳокимлар ва ишчи гуруҳлар аъзоларига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юкланади.

1 октябрга қадар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари, шу жумладан, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти қозонхоналари, муҳандислик-коммуникация объектлари ҳамда жиҳозларини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди.

2 минг 297 км электр узатиш тармоқлари ва 2 минг 413 трансформатор пунктини таъмирлаш, 6,8 км газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ва 10,1 км газ қувурларини реконструкция қилиш, 41 газ тақсимлаш пунктини мукаммал таъмирлаш, 215 км газ қувурларини босим остида синаш ва тозалаш, 108,6 км қувурларни бўяш режалаштирилмоқда.

2888 та кўп квартирали уйни, жумладан, 212,73 минг квадрат метр том қисмини, 1604 та электр тақсимловчи шитни, 30 та кўп квартирали уйнинг фасад қисмини таъмирлаш, ойна-ромлар, кириш йўлакларига 47,3 мингта энергия тежамкор сенсор лампалар ўрнатиш ва бошқалар кўзда тутилган.

Veolia Energy Tashkent компанияси 634 та қозонхона ва 490,5 км иссиқлик тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаши керак. Шу мақсадда 29 та қозон ва 59,7 км иссиқлик тармоқларини капитал таъмирлаш, 605 та қозон ва 430,8 км иссиқлик тармоқларини жорий таъмирлаш режалаштирилган.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» 65 та насос ускунаси ва 2399,2 км ичимлик суви тармоқларини таъмирлаши керак.

7 та шифохона ва поликлиника, 5 та олий ўқув юрти ва 1 та спорт объектини мукаммал таъмирлаш, 28 та мактаб, 26 та боғча, 8 та шифохона ва поликлиника, 18 та маданият объектини жорий таъмирлаш кутилмоқда.

Бектемир, Мирзо Улуғбек, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги мактабларга кўмир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича топшириқ берилди.

Бундан ташқари, масъул шахслар табиий газдан фойдаланишда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак.

Туман ишчи гуруҳлари аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ва тезкорлик билан кўриб чиқиш учун 24 соатлик алоқа тизимини йўлга қўйиши лозим.

Тайёргарлик учун ажратилган 732,6 миллиард сўм қуйидагиларга йўналтирилади:

  • иссиқлик таъминоти объектлари ва технологик жиҳозларни келгуси мавсумда барқарор ишлашга тайёрлаш — 623,8 миллиард сўм;
  • кўп қаватли уйларни капитал ва жорий таъмирлаш — 58,9 миллиард сўм;
  • ичимлик суви таъминоти объектлари ва технологик жиҳозларни тайёрлаш — 27,2 миллиард сўм;
  • газ таъминоти объектларини тайёрлаш — 16,8 миллиард сўм;
  • электр тармоқлари ва жиҳозларини тайёрлаш — қарийб 3 миллиард сўм;
  • ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш — қарийб 2,8 миллиард сўм.

2,79 миллиард сўм республика бюджетидан, қолган қисми бошқарув ва хизмат кўрсатиш компаниялари, шунингдек, корхоналар («Ҳудудий электр тармоқлари», «Ҳудудгазтаъминот», «Ўзсувтаъминот», Veolia Energy Tashkent ва бошқалар) маблағлари ҳисобидан йўналтирилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистонда, жумладан, пойтахтда юзага келган энергетика инқирозидан кейин президент Тошкент шаҳри истеъмолчиларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, 2023 йилда Тошкент шаҳрининг электр таъминотини яхшилашга қаратилган 35−110 кВ кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилганди. Бунинг учун 3 триллион 560 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Туманлар бўйича режалаштирилган ишлар

тошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарликтошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарлик

Уйларни таъмирлашнинг асосий қисми Олмазор (451), Мирзо Улуғбек (370), Чилонзор (368) ва Яшнобод (342) туманларида режалаштирилган.

995 та уйнинг том қисмини, 2063 та уйнинг кириш қисмини таъмирлаш, 534 та хонадонга темир эшиклар (333 та қулфли) ва бошқалар ўрнатиш кўзда тутилган.

тошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарликтошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарликтошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарликтошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарликтошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарликтошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарликтошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарликтошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарликтошкент, шавкат умурзоқов, қишга тайёргарлик