Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни «Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида» қарор имзолади.

Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек ўзининг бой илмий-маърифий мероси ҳамда мислсиз бунёдкорлик фаолияти билан Ўзбекистон тараққиёти ва жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган улкан тарихий сиймо, буюк қомусий олимдир, дейилади ҳужжатда.

«Мирзо Улуғбек узоқ йиллар ўз салтанатини адолат ва инсонпарварлик ғоялари асосида бошқариш ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга ошириш билан бирга илм-фан, маданият ва санъат соҳаларини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг ташаббуси ва ҳомийлиги остида кўплаб мадрасалар, мактаблар, кутубхоналар, масжидлар, карвонсаройлар, кўприклар ҳамда сўлим боғлар барпо этилди. Натижада ўлкамиз ҳар томонлама тараққий этиб, Шарқдаги йирик маданият ва илм-фан диёрига айланди», — дейилади қарорда.

«Мирзо Улуғбек математика, физика, тарих, меъморчилик соҳаларида улкан натижаларни қўлга киритди. Буюк аллома, айниқса, Самарқанд шаҳридаги ўзи бунёд эттирган расадхонада амалга оширган кенг қамровли илмий тадқиқотлари ва кашфиётлари билан жаҳон астрономия фанининг ривожида туб бурилиш ясади. Улуғ ватандошимизнинг ана шундай изланишлари натижасида юзага келган „Зижи жадиди Кўрагоний“ асари ҳозирги пайтда ҳам юлдузлар илми соҳасида дунёдаги энг буюк асарлардан бири сифатида эътироф этилиб, олимлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда».

Олим таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш доирасида Ўзбекистондаги Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ объектларни, шу жумладан, Мирзо Улуғбек шарафига барпо этилган ёдгорлик мажмуаларини мукаммал таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш, аллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли сақлаш учун зарур шароит яратиш режалаштирилмоқда.

Мирзо Улуғбек илмий-маърифий меросининг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ўрнига бағишланган илмий-адабий тадбирлар ўтказиш, унинг ҳаёти ва фаолиятига оид спектаклларни саҳналаштириш, илмий ва бадиий публицистик асарлар яратиш, шунингдек, халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориш белгиланган.

10−11 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Мирзо Улуғбек: буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан алломанинг «Зижи жадиди Кўрагоний» асарини ўзбек, рус ва инглиз тилларида, «Тўрт улус тарихи» номли тарихий асарининг ўзбек тилига таржимаси қайта нашр қилинади.