Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси UzAuto Motors компанияси ҳамда PSM-Avtosavdo дилерига нисбатан иш очди, деб хабар қилмоқда идора матбуот хизмати.

2023 йилда Chevrolet Lacetti L-Stayle M автомобилини сотиб олган қорақалпоғистонлик фуқаро давлат идорасига шикоят қилган. Унинг сўзларига кўра, харид қилинганидан 5 ой ўтмасдан, машина носозлик туфайли ёниб кетган, бироқ ишлаб чиқарувчи белгиланган муддатда бу муаммони ҳал қилмаган.

Қўмита масалани ўрганиб чиқиб, ушбу фактни тасдиқлади ва шу каби ҳолатлар Навоий вилоятида ҳам кузатилгани, жумладан, айнан шу маркали (моделли, артикули) автомобилда ёниш кузатилганини аниқлади.

Қўмита махсус комиссияси UzAuto Motors компанияси ва PSM-Avtosavdo дилерлик компаниясига нисбатан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг 14- (Нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби) ва 20- (Товар (иш, хизмат)нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик) моддалари талабларини бузганлик учун иш қўзғатди.

«Ушбу ҳолат инсон ҳаёти ва унинг соғлиғига жиддий зиён етказиши мумкинлиги ҳолатларини инобатга олган ҳолда, юқорида қайд этилган автомобиль билан бир вақтда ишлаб чиқарилган 37 та айнан шу маркали (моделли, артикули) автомобилларни 10 кунлик муддатда чақиртириб олиниб, техник кўрикдан ўтказиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, мурожаат қилган фуқарога айни шундай маркали янги автомобиль алмаштириб берилди ҳамда истеъмолчи талаб қўйган вақтдан бошлаб ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун автомобиль баҳосининг 1 фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистонда 12 837 дона Gentra (Lacetti) автомобили ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига (44 179) нисбатан деярли 3,5 баробар кам. Автомобиль ишлаб чиқарувчиси General Motors Global сиёсати туфайли 2024 йил январь ойидан бошлаб ушбу автомобиль моделини чиқаришни тўхтатишни режалаштирганди. Май ойи охирида «Ўзавтосаноат» Lacetti ишлаб чиқариш давом этаётганини маълум қилди, чунки ишлаб чиқариш учун зарур эҳтиёт қисмлар мавжуд.