Ўзбекистон 18 давлат билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов маълумот берди.

13 сентябрь куни Аргентина билан музокаралар ўз якунига етган. 18 давлатдан 14 таси билан бозорга кириш бўйича музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколлар имзоланган (протокол имзолангач жараён расман якунига етган бўлади). Бу мамлакатлардан иккитаси Бразилия ва Шри-Ланка ҳисобланади. Бу ҳақда Урунов 12 сентябрь куни ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида маълум қилди.

«ЖСТ Жамоатчилик форуми доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, ЖСТ бош директори ўринбосари Сянчэнь Чжан ва бош директорнинг собиқ ўринбосари Алан Вольф иштирокида ҳужжатларни имзолаш маросимлари бўлиб ўтди. Саида Мирзиёева хоним бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Женевада бўлиб ўтаётган ЖСТ 2024 жамоат форумида иштирок этмоқда», — дея қайд этган у.

Шунингдек, президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева 12 сентябрь куни ЖСТ Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашганини маълум қилди.

«Мулоқот давомида Ташкилотга аъзо бўлиш йўлида Ўзбекистон томонидан кўрилаётган амалий қадамларни муҳокама қилдик. Миллий қонунчиликни ЖСТ нормалари ва қоидалари билан уйғунлаштириш борасида Ўзбекистон эришган натижалар ҳамда бошқа ижобий ўзгаришлар қайд этилди», — дея таъкидлаган Мирзиёева.