Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 11 сентябрь куни юк машинаси ағдарилиб кетди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

ЙТҲ соат тахминан 22:00 ларда Чимён маҳалласи ҳудудидаги ички йўлда юз берган. Ҳайдовчи О.А. (1995 й.т.) MAN TGS 41 юк транспорт воситасида руль бошқарувини йўқотиб, ағдарилиб кетган.

Ҳодиса вақтида транспорт воситасида ҳайдовчидан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Ҳайдовчига биринчи ёрдам кўрсатилган, у жароҳат олмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода юк машинаси тўлиқ пачоқланганини кўриш мумкин.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.