Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Россия, Тожикистон ва Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб келинган наркотик моддаларни тўхтатиб қолди. Бу ҳақда Telegram`даги Xavfsizlik каналида рейд тадбирлари акс этган видео эълон қилинди.

Хусусан, 29 ёшли Тожикистон фуқароси Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 32 ва 19 ёшли 2 нафар шахс билан ўзаро тил бириктириб, Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига айланма йўллар орқали 20 кг. 749 гр. «опий» моддасини олиб ўтган вақтларида ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Ўзбекистонга Россиядан Қозоғистон орқали келган Бухоро вилоятининг Пешку туманида яшовчи 37 ёшли шахснинг «LADA Largus» машинаси чегарада текширувдан ўтказилган. Натижада унда Москва шаҳридан олиб келинаётган 2 дона овоз чиқариш колонкаси ичига яшириб қўйилган 18 кг. 97 гр. «Мефедрон» синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Терговга қадар текширув давомида, у «Ўзбекистон-Россия-Ўзбекистон» йўналишида фуқароларни ташиш билан шуғулланиши маълум бўлди.

Фарғона вилоятининг Фарғона туманида истиқомат қилувчи 43 ёшли муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ва 29 ёшли муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган фуқаро ўзаро тил бириктириб, Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган 56000 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини яшаш хонадонларига яшириб қўйганликлари фош этилди. Мазкур хонадонни кўздан кечириш жараёнида, қўшимча 6780 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги ҳам маълум бўлди.

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида тезкор тадбир ўтказди. Натижада, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида доимий яшовчи 39 ёшли муқаддам судланган фуқаронинг Nexia машинаси ва унинг Яккасарой туманидаги ижарага олган хонадони кўздан кечирилганда, жами 43666 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган дорилар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.