Тарихда илк бор Ўзбекистон ФИФА таснифига кирувчи мусобақага — футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Ўйинлар Бухоро, Тошкент ва Андижондаги ареналарда бўлиб ўтади. 14 сентябрь куни чемпионат гуруҳ босқичи 1-тури доирасидаги дастлабки ўйинлар бўлиб ўтди.

14 сентябрь, шанба
«Б» гуруҳи, 1-тур

Хорватия — Таиланд 1:2

Голлар: Антонио Секулич (31) — Муҳаммад Осаманмуса (3), Ронначаи Жунгвонгсук (30).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Арут Сенбат (Таиланд).

Фото: ФИФАФото: ФИФА

Мусобақанинг биринчи голи Таиланднинг келиб чиқиши ганалик футзалчиси Муҳаммад Осаманмуса ҳисобига ёзилди. Хорватия бутун ўйин давомида катта устунликка эришиб, камида уч марта дарвоза устуни ва тўсинларини нишонга олган бўлса-да, якунда мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди. Чемпионатнинг илк уч очкоси Осиё вакили ҳисобига ёзилди.

Бразилия — Куба 10:0

Голлар: Марсель (2, 23, 33), Негиньо (11), Марлон (13, 23, 39), Фелипе Валериу (13), Пито (25), Артур (28).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Марсель (Бразилия).

ўзбекистон футзал терма жамоаси, футзал бўйича жаҳон чемпионати 2024

Бразилия 14 сентябрь куни Бухорони ларзага келтирди — футзал бўйича беш карра жаҳон чемпионлари Куба дарвозасига жавобсиз 10 та гол урди. Марсель ва Марлон хет-трикни расмийлаштирган бўлса, Артур битта гол уриб, иккита голга ҳаммуаллифлик қилди. Жамоанинг юлдузларидан бири ҳисобланган Пито ҳам чиройли гол урди.

Келаётган сешанба (17 сентябрь) куни Куба Таиландга қарши ўйинда Бразилиядан ўтказиб юборилган 10 та гол тасодиф эканини синашга ҳаракат қилиб кўради, Бразилия эса Хорватияни синовдан ўтказади — лекин у ўйин Куба билан бўлганидек осон кечмаса керак, ҳар ҳолда, Хорватия мусобақадаги иштирокини эрта якунламаслик учун бор кучи билан ҳаракат қилса керак.

«А» гуруҳи, 1-тур

Парагвай — Коста-Рика 5:2

Голлар: Адольфо Салас (1), Эмерсон Мендес (11), Педро Паскоттини (11), Арналдо Баэс (24), Франциско Мартинес (39) — Минор Кабальсета (7), Эдвин Кубильо (17).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Адольфо Салас (Парагвай).

Коста-Рика тор-мор келтирилган ўйинда Парагвай таркибида 30 ёшли Хавьер Адольфо Салас энг ёрқин ўйин кўрсатганлардан бири бўлди. У нафақат гол урди, балки яна бир голга ассистентлик ҳам қилди.

Карлос Чилаверт шогирдлари энди 17 сентябрь куни Ўзбекистон терма жамоасига қарши майдонга чиқади ва бу ўйин 2-турнинг энг қизиқарли баҳсларидан бири бўлса керак, чунки Ўзбекистонга очколар сув ва ҳаводек зарур.

Ўзбекистон — Нидерландия 3:3

Голлар: Элбек Тўлқинов (16), Ихтиёр Ропиев (36), Ҳусниддин Нишонов (40) — Товфиқ Жеяр (4), Исмоил Оддуҳ (28, 37).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Исмоил Оддуҳ (Нидерландия).

Мусобақанинг биринчи кунидаги ягона дуранг натижа айнан Ўзбекистон терма жамоаси ўйинида қайд этилди. Нисбатан мураккаб ва асабий кечган ўйинда ўзбекистонликлар уч марта ҳисобда ортда қолди, аммо якунда, учрашув якунланишига 50 сония қолганида Ҳусниддин Нишоновнинг голи эвазига мағлубиятдан қутилиб қолди.

Кейинги турда Ўзбекистон мусобақани ишончли ғалаба билан бошлаган Парагвайга қарши ўтказади. Ўйин 17 сентябрь куни Тошкент вақти билан 20:00 да бошланади. Шу куни Нидерландия 17:30 да Коста-Рикага қарши майдонга чиқади.

Навбатдаги ўйинлар

15 сентябрь куни мусобақанинг «С» ва «Д» гуруҳида 1-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Жумладан, мусобақа мезбонлигига Бухоро ва Тошкентдан сўнг Андижон ҳам қўшилади. Шу куни Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасида Испания ва Қозоғистон ўртасида 1-турнинг марказий ўйинларидан бири ўтказилади.

«С» гуруҳи, 1-тур
17:30. Тошкент
Афғонистон — Ангола

20:00. Тошкент
Аргентина — Украина

«Д» гуруҳи, 1-тур
15:00. Андижон
Янги Зеландия — Ливия

17:30. Андижон
Испания — Қозоғистон

Учрашувларнинг чипталарини онлайн сотиб олиш мумкин.