Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг маслаҳатчиси бўлган Исроил Адхамов президентнинг тегишли фармони билан Бош прокурорнинг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Исроил Адхамовга Камбағалликни қисқартириш соҳасида қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган. Президент 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартиришга доир ўтказган йиғилишида мазкур йўналишда Бош прокурор ўринбосари лавозими жорий этилиши ҳақида маълум қилганди.

У қуйидаги вазифаларни бажариши белгиланган:

  • ҳар ҳафтада камида битта туман (шаҳар)га бориб, камбағал оилаларни реестрга киритиш ва чиқаришнинг ҳаққонийлигини ўрганиш;
  • камбағал оилаларга берилаётган маблағлар эгасига манзилли етиб боришини назорат қилиш;
  • камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаган масъулларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш;
  • ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш соҳасида қабул қилинаётган қонунлар талаблари, Президентнинг Фармон ва қарорларида белгиланган топшириқлар ижросини назорат қилиш.

Исроил Адхамов бунгача прокуратура органларида ҳам турли масъул лавозимларда фаолият юритган.