15−16 сентябрь кунлари Германия Федерал Канцлери Олаф Шольц расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Германия канцлери Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатга ташриф буюрмоқда.

Бу Шольцнинг Марказий Осиёга илк ташрифи бўлади ва унга минтақа давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида «катта бизнес делегацияси» ҳамроҳлик қилади.

Ташриф дастурига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилади. Унда Ўзбекистон-Германия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Савдо-иқтисодий, технологик ва инвестициявий-молиявий шерикликни кенгайтириш, Германиянинг етакчи компания ва банклари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, меҳнат миграцияси, экология, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва бошқа йўналишларда фаол алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади. Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари бўйича фикр алмашилади.

Дастур доирасида Ўзбекистон президенти ва Германия канцлери икки мамлакат ишбилармон доиралари билан учрашув ҳам ўтказадилар.

Reuters хабарига кўра, Олаф Шольц илк ташрифини Қозоғистон ва Ўзбекистонга амалга оширмоқда, чунки Берлин Украинадаги урушдан кейин янги бозорлар, энергия ва фойдали қазилмаларни қидирмоқда.

Унинг ортида аллақачон бир нечта муҳим битимлар мавжуд. Қозоғистон нефти ўтган йил июнь ойида «Дўстлик» қувурлари орқали оқиб кела бошлади ва Евросиё Москвага қарши санкциялар жорий этганидан кейин Россия етказиб беришни тўхтатгач, Берлиннинг Шведтдаги нефть қайта ишлаш заводининг фаолиятини қўллаб-қувватлади.

Шольцнинг ташрифи Германия муносабатларни янада ривожлантирмоқчи бўлган йўналишлар ҳақида ҳам сўзлайди, дея ёзмоқда агентлик.

Германиянинг Шарқий Бизнес Ассоциациясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбруннерга кўра, Россияда ўз бизнесини ёпган кўплаб немис компаниялари, тарихан Марказий Осиё учун муҳим марказ бўлган Россия ўрнига, бутун минтақада ўз савдо офисларини очиб, фаолиятини йўлга қўйган.

Кинсбруннернинг қўшимча қилишича, немис гуруҳлари кимё саноати, малакали ишчи кучи, қайта тикланадиган энергия, логистика, таълим ва бошқа соҳаларда шартномалар бўйича музокаралар олиб бормоқда. Унинг қўшимча қилишича, ушбу шартномаларнинг аксарияти Шольц ташрифи давомида имзоланиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг 28−29 август кунлари инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Берлинга ташриф буюрди. Германия ҳукумати вакиллари билан музокараларда кимё саноати, геология ва тоғ-кон саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик ва электротехника саноати, «яшил энергия» ва бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бир қатор янги истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Бундан ташқари, Германия ОАВ маълумотларига кўра, мамлакат Ўзбекистон билан миграция шартномасини имзолашни режалаштирмоқда. Ўтган йилнинг октябрь ойида Германия ҳукуматининг махсус вакили Йоахим Штамп Германиядан ноқонуний мигрантларнинг ўз ватанларига тезроқ қайтишини таъминлайдиган мумкин бўлган миграция шартномалари бўйича бир нечта давлатлар билан махфий музокаралар олиб бораётгани маълум бўлди. Унга Грузия, Молдова, Кения, Колумбия ва Қирғизистондан ташқари Ўзбекистон ҳам кирди.

Июнь ойида Bloomberg Германия ҳукумати афғонистонлик қочқинларни Германиядан «Толибон» билан тўғридан-тўғри келишувсиз депортация қилишга имкон берадиган битим тузиш бўйича Ўзбекистон билан музокаралар олиб бораётганини хабар қилди. Манбаларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу таклифни кўриб чиқмоқда, шу билан бир пайтда, миграция пактига Ўзбекистондан Германияга ишчиларнинг қонуний миграциясига рухсат берувчи келишув ҳам киритилишини истамоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Олаф Шольц билан 2023 йилнинг май ойида Берлинда музокаралар ўтказганди. Ташриф давомида турли соҳаларга оид 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди.