14 сентябрь куни Бухоро ва Тошкентдаги ўйинлар билан футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионатига старт берилган эди. 15 сентябрь куни учинчи мезбон шаҳар — Андижонда ҳам мусобақа байроғи кўтарилди: водийда мусобақанинг «Д» гуруҳи вакиллари ҳисобланган Янги Зеландия, Ливия, Испания ва Қозоғистон ўз ўйинларини ўтказмоқда. Шунингдек, бу кунда Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да «С» гуруҳидаги Афғонистон, Ангола, Аргентина ва Украина ҳам ўзининг илк ўйинларини ўтказди.

15 сентябрь, якшанба
«Д» гуруҳи, 1-тур учрашувлари

Янги Зеландия — Ливия 1:3

Голлар: Хорди Дитфорд (40) — Муҳаммад Хамис (7), Муҳаммад Зриг (28), Фирас Абуҳошим (40).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Муҳаммад Хамис (Ливия).

Янги Зеландия учрашувни дадил бошлади, айниқса, ФИФАнинг бошқа бир мусобақаси — клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида профессионал футболчи сифатида ҳам қатнашишга улгурган Дилан Маникум «кивилар» таркибидаги энг хавфли ўйинчилардан бири экани кўриб турди, аммо ҳисобни Ливия футзалчилари очишди: Муҳаммад Зригнинг зарбасидан сўнг зеландияликлар посбони Михаил Антаманов қайтарган тўпни Хамис дарвозага тўғрилаб қўйди.

Фото: ФИФАФото: ФИФА

Иккинчи таймда Зриг барибир мақсадига эришди, ундан сўнг эса Фирас Абдуҳошим жорий мусобақада гол урган илк дарвозабонга айланди. Фақат ўйиннинг сўнгги сонияларида Дитфорд ўз жамоаси учун овунчоқ гол муаллифига айланди.

Янги Зеландияни чоршанба куни яна бир жиддий синов кутиб турибди — жамоа футзал грандларидан бири ҳисобланган Испанияга қарши майдонга чиқади. Ливия эса Қозоғистон билан ўйнайди. Ҳар иккала ўйин Андижондаги Универсал спорт мажмуасида бўлиб ўтади.

Испания — Қозоғистон 1:1

Голлар: Хесус Гордило (17) — Биржан Ўразов (1).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Игита (Қозоғистон).

Ўйин 1:0 ҳисоби билан бошланди дейиш ҳам мумкин — Қозоғистон учрашувнинг 7-сониясидаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлди: Дугласнинг пасидан сўнг Биржан Ўразов тўпни Испания дарвозасига жойлаб қўйди (ФИФА маълумотига кўра, бу XXI асрда ўтказилган футзал бўйича жаҳон чемпионатлари тарихида урилган энг тезкор гол). Аммо шундан кейин қозоқларнинг ишлари кўп ҳам юришмади — аввалига Даурен Турсагулов икки дақиқага майдондан четлатилди, ташаббус деярли тўлиқ Испания тарафида бўлди.

Аммо испанлар бу устунликни ҳисобда тўла акс эттира олмади — фақат биринчи тайм якунига арафасида Хесус Гордило Қозоғистон терма жамоаси посбони Игитани доғда қолдира олмади. Қайд этиш жоиз, айнан Игитанинг шарофати билан Қозоғистон бир очкони қўлга киритди — у ўйин давомида 20 дан ортиқ марта сейв ижро этди.

Фото: ФИФАФото: ФИФА

Қозоқлар 2-турда Ливияга қарши, Испания эса Янги Зеландияга қарши ўйнайди. Ҳар иккала ўйин Андижонда, 18 сентябрь куни бўлиб ўтади.

«С» гуруҳи, 1-тур учрашувлари

Афғонистон — Ангола 6:4

Голлар: Фарзад Маҳмудий (2), Умид Қанбарий (7), Ҳусайн Муҳаммадий (10), Маҳди Наврўзий (14), Акбар Козимий (16), Ризо Ҳусайнпур (40) — Жавод Сафарий (3, автогол), Адерито (7, 36), Муҳаммад Муродий (40, автогол).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Акбар Козимий (Афғонистон).

Футзал бўйича жаҳон чемпионатининг дебютанти ҳисобланган Афғонистон (умуман, бу мамлакат 1948 йилда ФИФАга қўшилган бўлса, шундан бери илк бор ФИФА турнири финал босқичида қатнашмоқда) мусобақани ишончли ғалаба билан бошлади.

«Ҳумо Арена»да, мухлислар қўллови остида ўйнаган «Хуросон шерлари» баҳсда 6 та гол урди, бунга анголаликлар фақат тўрт бор жавоб қайтара олди, холос — шунда ҳам икки гол афғонистонликлар ҳисобига (автогол сифатида) ёзилди.

Афғонлар гуруҳ босқичи 2-турида 2016 йилги жаҳон чемпиони Аргентина билан ўйнайди, Ангола эса Украинадан очко олишга ҳаракат қилади.

Аргентина — Украина 7:1

Голлар: Кевин Арриета (19, 32), Алан Бранди (19), Матиас Роса (21), Кристиан Борруто (30, 40), Лукас Боли Алемано (38) — Петро Шотурма (18).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Николас Сармиенто (Аргентина).

Бир тайм давомида Аргентинага ҳеч бир имкон бермай, тайм тугашига икки дақиқа қолганида ҳисобни очишга-да муваффақ бўлганига қарамай, Украина бу муваффақиятни бироз бўлса-да сақлаб қола олмади. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас, Аргентина 2:1 ҳисобида олдинда эди.

Иккинчи бўлимда Альбиселесте яна бешта гол урди — бу голларнинг иккитаси футзал тарихидан ўрин олган Кристиан Борруто ҳисобига ёзилди: у бразилиялик афсонавий футзалчи Фалькаодан сўнг бешта жаҳон чемпионатида қатнашган иккинчи футболчига айланди.

Навбатдаги ўйинлар

16 сентябрь, душанба
«Е» гуруҳи, 1-тур
17:30. Тошкент
Португалия — Панама

20:00. Тошкент
Тожикистон — Марокаш

«Ф» гуруҳи, 1-тур
15:00. Бухоро
Эрон — Венесуэла

17:30. Бухоро
Гватемала — Франция

Учрашувларнинг чипталарини онлайн сотиб олиш мумкин.