Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) конига қарашли 1 сентябрдан буён водород сульфид сизиб чиққан 604-сонли қудуқда якшанба куни соат 16:50 да сўндириш жараёни якунланди. Бу ҳақда Eriell компанияси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

«Сизиб чиқишга қарши ускунанинг қўшимча блоги қурилди ва ўрнатилди. Сўндириш учун қудуқ оғзини тайёрлаш ва боғлаш жараёни ўтказилди. Қудуқ герметикланди ва сўндирилди», — дейилади хабарда.

«Ҳодиса оқибатларини режали бартараф этиш жараёни махсус ташкил этилган штаб назорати остида амалга оширилди. Вазиятни профессионал баҳолаш мақсадида воқеа жойига Ўзбекистон, шунингдек, Россия ва АҚШ экспертларининг ташрифи ташкил этилди», — дейилади компания хабарида.

eriell, m-25, бойсун, водород сульфиди сизиб чиқиши

Eriell`нинг таъкидлашича, «ҳодиса оқибатларни бартараф этиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф бўлмаган. Аввалроқ маҳаллий аҳоли эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди.

«Барча зарур чора-тадбирлар Очиқ нефть ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми, Ўзбекистон ФВВ ва „Саноатконтехназорат“ давлат инспекцияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Ишлар барча зарур техника ва ускуналар билан тўлиқ таъминланган ҳолда олиб борилди», — дейилади хабарда.

eriell, m-25, бойсун, водород сульфиди сизиб чиқиши

«Ҳодиса бошидан барча зарур чоралар кўрилган. Хусусан, атрофда жойлашган аҳоли пунктларида ҳаво муҳитини ўлчаш ва мониторинг қилиш учун махсус постлар ўрнатилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, атмосферада зарарли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрациясидан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмаяпти», — дейилади компания хабарида.

Бурғилаш қурилмасининг ишчи майдонини тозалаш ишлари амалга оширилди ва якунланди, таянч майдон махсус техника ва ускуналарни тўлиқ ўрнатиш ва фойдаланиш учун тайёрланди.

eriell, m-25, бойсун, водород сульфиди сизиб чиқиши

«„Мустақиллик-25“ конини ўзлаштириш алоҳида мураккаблиги билан ажралиб туради, бу ерда халқаро тажрибадан фойдаланилади ва кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилади, шу жумладан ходимларга доимий йўл-йўриқ кўрсатилади. Углеводородни қазиб олиш тобора мураккаблашиб бормоқда, бу эса доимий равишда янги тажриба ва кўникмаларни талаб қилади», — дея қайд этди компания.

«Газета.uz» аввалроқ яқин атрофдаги аҳоли ўткир ҳид ва соғлиғи ёмонлашганидан шикоят қилгани ҳақида ёзганди.

eriell, m-25, бойсун, водород сульфиди сизиб чиқиши