Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Шавкат Мирзиёев ва Олаф Шольцнинг тор доирада ва делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Учрашув аввалида давлат раҳбари «федерал канцлернинг Ўзбекистонга ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканини» алоҳида таъкидлади.

«Буни кўп қиррали Ўзбекистон-Германия муносабатларини янада ривожлантиришга алоҳида эътиборингиз ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашингизнинг далолати сифатида қабул қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

германия, меҳнат миграцияси, олаф шольц, шавкат мирзиёев

Қайд этилишича, 2023 йилда товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард евродан ошди. Германия бизнеси билан ҳамкорлик кенгаймоқда — 2024 йил бошидан буён Ўзбекистон иқтисодиётига Германия компанияларининг 800 миллион евролик инвестициялари киритилди.

Июнь ойида Тошкентда Ўзбекистон-Германия Ишбилармонлар кенгашининг саккизинчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев KfW банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг молиявий-техник кўмак лойиҳаларини юқори баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йили Берлин шаҳридаги Янги музейда Ўзбекистон маданий мероси кўргазмасининг ўтказилиши маданий соҳада муҳим воқеа бўлган, унга Германия пойтахтининг ярим миллиондан ортиқ аҳолиси ва меҳмонлари ташриф буюрган.

Шу йил ёзда Самарқанд шаҳрида Ибн Сино ва Генрих Шиппергес номидаги Тиббиёт фанлари олий мактаби очилгани ҳам мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар парламентлар, ҳукуматлар, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги фаол алоқаларни давом эттириш тарафдори эканликларини билдирди.

Ташқи сиёсат идораларига Ўзбекистон-Германия муносабатлари даражасини ошириш масаласини кўриб чиқиш, халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш топширилди.

Бугунги саммитга Саноат ва технологиялар бўйича стратегик шериклик дастури тайёрлангани қайд этилди. Германиянинг етакчи компания ва банклари билан умумий қиймати қарийб 9 млрд евро бўлган ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Улар «яшил» энергетика, кимё саноати, ўта муҳим хомашёни ўзлаштириш, машинасозлик, тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олади.

Siemens Energy компанияси билан Ўзбекистон ҳудудларида буғ-газ электр станцияларини қуриш, Linde Group компанияси билан «метанол ороли» барпо этиш ва «яшил» аммиак ишлаб чиқариш, KfW Ipex-Bank иштирокида йирик мис конини ўзлаштириш, Giga Fiber билан мис қазиб олиш ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш, AMK Global билан углерод толаси, Guesscon билан қора қурум ва водород ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб лойиҳалар энг муҳим лойиҳалар сифатида қайд этилди.

Насос тизимларини маҳаллийлаштириш, қайта тикланувчи энергетика, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш, логистика марказларини ташкил этиш бўйича бир қатор янги лойиҳалар мавжуд.

Мирзиёев ва Шольц ташриф давомида ўта муҳим хомашё ресурслари ва иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорлик бўйича имзоланадиган битимларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Германия ҳукумати ташаббуси билан тузилган Иқлим клубида иштирок этишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Томонлар транспорт ва логистика, самарали қуруқлик ва ҳаво йўлакларини ривожлантириш, транспорт харажатларини камайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Шавкат Мирзиёев Lufthansa авиакомпаниясининг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри парвозларини қайта йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.

Ўзбекистон ва Германия ҳудудлари ўртасидаги шериклик муносабатларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Йил бошидан буён Германиянинг иккита федерал ўлкаси вакиллари мамлакатга ташриф буюрди. Йил охиригача Берлин, Бавария ва Тюрингия делегацияларининг ташрифи кутилмоқда.

германия, меҳнат миграцияси, олаф шольц, шавкат мирзиёев

Ташриф давомида меҳнат миграцияси соҳасида шаффоф ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан таъкидланди.

Масъул идоралар даражасида талаб юқори бўлган ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва Германияга юбориш бўйича амалий ҳамкорлик «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Германиянинг дуал таълим тизимини Ўзбекистон ҳудудларида кенг жорий этишга қизиқиш билдирилди. Етакчи университетлар ўртасида таълим ва илмий алоқаларни ривожлантириш учун икки мамлакат олий ўқув юртлари форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон томони қўшма дастурларни амалга ошириш, Германия олий таълим муассасаларининг факультетлари ва филиалларини очиш учун барча шароитларни яратишга тайёрлигини билдирди.

Ташриф доирасида Бошқарув кадрларини тайёрлаш қўшма мактаби ишга туширилиши қайд этилди.

Ўзбекистон президенти ёшларнинг немис тилига қизиқиши юқори эканини, бу тилни 300 мингга яқин йигит-қиз ўрганаётганини таъкидлади. Яқинда андижонлик мактаб ўқувчиси Райёна Иброҳимова немис тили бўйича Жаҳон олимпиадасида ғолиб бўлгани бунга ёрқин мисолдир.

Германия томони мамлакат ҳудудларида тил ўрганиш ва ўқитувчилар тайёрлаш дастурларини кенгайтиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Маданий ҳамкорлик бўйича аралаш комиссия фаолиятини қайта тиклаш таклиф этилди.