Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия канцлери Олаф Шольц 15 сентябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Самарқанд шаҳри аэропортида уни бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

германия, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Германия канцлери Олаф Шольцни Регистон майдонида кутиб олди.

Бу Шольцнинг Марказий Осиёга илк ташрифи бўлади ва унга минтақа давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида «катта бизнес делегацияси» ҳамроҳлик қилади.

Ташриф дастурига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилади. Унда Ўзбекистон-Германия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Саммитнинг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида бўлиб ўтади. Олий даражадаги музокаралар ва икки мамлакат етакчиларининг ишбилармонлар билан учрашуви ўтказилиши, шунингдек, шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш кўзда тутилган.

Reuters хабарига кўра, Олаф Шольц илк ташрифини Қозоғистон ва Ўзбекистонга амалга ошириши Берлин Украинадаги урушдан кейин янги бозорлар, энергия ва фойдали қазилмаларни қидираётгани билан боғлиқ.

Бундан ташқари, Германия ОАВ маълумотларига кўра, мамлакат Ўзбекистон билан миграция шартномасини имзолашни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Олаф Шольц билан 2023 йилнинг май ойида Берлинда музокаралар ўтказганди. Ташриф давомида турли соҳаларга оид 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланган.