Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Шота Руставели ва Бобур кўчалари кесишмасида жойлашган Пушкин ҳайкали ўрнатилган хиёбонда замонавий сувтушар боғ барпо этилади. Бу ҳақда 14 сентябрь куни лойиҳа тақдимотида қатнашган «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

гастрономик кўча, пушкин ҳайкали, яккасарой тумани

Koch Construction турк қурилиш компанияси масъули Баҳри Сака боғ ҳудудида олиб бориладиган ишлар лойиҳаси билан таништираркан, 2,5 гектардан иборат мазкур ҳудуддаги ҳайкал, фаввора ва ҳамма дарахтлар ўз жойида қолишини, майдонга қўшимча дарахтлар экилишини таъкидлади.

«Тошкентда ҳаво иссиқ бўлишини инобатга олган ҳолда, лойиҳани тайёрлаш давомида сувли жойларни кўпроқ қилишга аҳамият қаратдик. Масалан, майдондаги фавворанинг атрофига бошпана (навес) қурилади ва бу Пушкин ҳайкалигача бориб, уни ўраб олади ва йўлак тепаси ҳам бошпанали бўлади. Шунингдек, девор кўринишида сув оқиб тушувчи манзара, яъни сувли девор ҳам қилинади. Қурилиши режалаштирилган болалар майдончасида сувли арғимчоқ ҳам бўлади. Ушбу арғимчоқ Тошкентда биринчиси бўлиб, болажонлар ва ота-оналарга, албатта, ёқади, деб ўйлаймиз. Фавворага ишлатиладиган сув боғдаги барча сувли лойиҳаларда ҳам фойдаланилади, аниқроғи, сув исроф қилинмайди», — деди Баҳри Сака.

гастрономик кўча, пушкин ҳайкали, яккасарой тумани

Баҳри Сака.

Унинг қайд этишича, Пушкин хиёбонидаги ерости ҳожатхонаси сақлаб қолинади ва таъмирланиб, замонавийлаштирилади. Парк ичида ногиронлиги бўлган шахсларнинг қийинчиликсиз ҳаракатланиши учун бирорта ҳам зинапоя қурилмайди. «Ўйлаймизки, ушбу сувли боғ туристлар ва маҳаллий аҳолини ўзига жалб қилиб, кўнгилочар масканга айланади», — дея қўимча қилди у.

Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг сўзларига кўра, Шота Руставели кўчасининг 1,8 км масофаси, яъни Пушкин боғидан Grand Mir меҳмонхонасигача бўлган қисми гастрономик кўчага айлантирилади.

«Пушкин боғи 24/7 режимида фаолият юритувчи туризм кўчасининг бошланиши — бош маркази бўлади. Боғнинг бир қисмига автотураргоҳ қурилади. Келган ҳар бир одам машинасини қўйиб, оиласи билан гастрономик кўчада бемалол айланиб, ҳордиқ чиқариши мумкин. Ҳудуддаги дарахтларга умуман тегилмайди: бирортаси кесилмайди ҳам, кўчирилмайди ҳам. Айримларига шакл берилиши мумкин, холос. Лекин кўплаб қўшимча дарахтлар, албатта, экилади», — деди ҳоким.

гастрономик кўча, пушкин ҳайкали, яккасарой тумани

Нилуфар Аллабергенова.

Унинг айтишича, Шота Руставели кўчасининг 1,8 км қисмини туну кун фаолият кўрсатадиган ҳудудга айлантириш мақсадида туман ҳокимининг тегишли қарори билан Тошкент шаҳри ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига 20 миллиард сўм ссуда маблағлари ўтказиб берилган.

«Мазкур кўчадаги мавжуд бино ва иншоотларни замонавий қиёфага келтириш, жумладан, қурилиш-таъмирлаш, реконструкция қилиш ва ҳудудни ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича бош лойиҳачи ва пудратчи сифатида Dizayn fabrikasi ҳамда Koch Construction mekanik elektrik МЧЖлар тавсия этилди. Бугунги кунда лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда», — деди у.

Ҳокимнинг маълум қилишича, ҳозирда кўчанинг икки томонида жами 154 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда ва уларда мингдан зиёд аҳоли иш билан банд қилинган. Ушбу туризм кўчаси 4 та маҳалла (Боғсарой, Конституция, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Сулаймонов) ҳудудидан ўтган бўлиб, 18 минг 775 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бундан ташқари, 70 га яқин меҳмонхона фаолият юритади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида ойига ўртача 67 минг сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда.

«Шота Руставели гастрономик туризм кўчасидаги барча хизмат кўрсатиш шохобчалари туну кун фаолият кўрсатади. Унда велосипедлар учун узунлиги 1,6 километр махсус йўлак, 40 дона замонавий ўриндиқ, ногиронлиги бўлган шахслар учун 10 та жойда, хусусан, ҳудуддаги кесиб ўтувчи ерости йўлакларига ҳам махсус пандуслар ўрнатилади. Шу билан бирга, 1,5 километр майдонда яшил ҳудуд барпо этилади, автобуслар учун мавжуд 6 та бекат тўлиқ замонавий реконструкция қилинади. Ҳожатхоналар ва Wi-Fi ҳудудлар ҳам ташкил этилади. Бундан ташқари, 2 та чорраҳадаги ерости йўлаклари реконструкция қилинади», — деди Нилуфар Аллабергенова.

Унинг қайд этишича, Шота Руставели кўчасидаги маданий мерос объектлари бўйича Маданий мерос агентлигига хат билан мурожаат қилинган. Лойиҳани амалга ошириш ишлари агентлик хулосаси олинганидан сўнг бошланади.