1 сентябрь куни «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2024 йилдаги 2-мавсуми якунлари эълон қилиниб, унда 1772 та лойиҳа ғолиб бўлганди. Молия ва иқтисодиёт вазирлиги мавсумда яна 177 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилгани ҳақида хабар берди. Мазкур лойиҳалар 2-мавсумда юқори овоз тўплаганига қарамай, якунда ғолиб бўлолмаган.
Жумладан:
- Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ғолиб бўлмаган навбатдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 56 та лойиҳа;
- лойиҳа қийматининг 20 фоизигача маблағ етмаган навбатдаги 25 та лойиҳа;
- маҳалладаги мавжуд аҳоли сонидан кўп овоз тўплаб ғолиб бўлмаган 96 та лойиҳа қўшимча равишда ғолиб деб топилди.
Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 143,1 млрд сўм маблағ ажратилди.
Эслатиб ўтамиз, 2-мавсумда ғолиб бўлган лойиҳаларга 2 трлн 139 млрд сўм ажратилганди. Жараёнларда мамлакат бўйлаб 9 млн 81 минг 610 та овоз берилди.
Ғолиб лойиҳалар рўйхати билан мазкур ҳавола орқали танишиш мумкин.