16 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Inbazar кийим дўконида сотувчини калтаклаган қоровул ва жараённи видеога олган катта менежерга нисбатан жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судида ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри судлари «Газета.uz»га маълум қилди. Жараён судья О. Кахаров раислигида ўтди.

Ҳужжатга кўра, 13 сентябрь куни сотувчи йигит дўкон аравачасини пастга улоқтириб юборган, буни кўрган қоровул (Б.А., 23 ёшда)нинг жаҳли чиқиб, даҳанаки жанжаллашган. Қоровул сотувчини уятли сўзлар билан ҳақорат қилган ва унинг юзига тарсаки туширган. Воқеага катта менежер (Э.Ҳ., 26 ёшда) ҳам аралашиб, у ҳам сотувчини сўккан ва ҳолатни видеога олиб, уни дўконнинг Telegram`даги 100 кишилик ишчи гуруҳига юборган.

Судда Б.А. ишидан афсусда экани, бундай ҳолатни бошқа содир этмаслигини айтди. Э.Ҳ. эса ҳолатни «қолган ходимларга ўрнак бўлиши, улар ҳам шу каби хатони такрорламаслиги учун» видеога олганини билдирди. Уларнинг иккиси ҳам суддан енгиллик беришини сўради.

Жабрланувчи М.Т. ўз сўзида ўзи ишлаётган корхонага нисбатан даъвоси йўқлигини айтиб, айбланувчиларга қонуний чора кўришни сўради.

Суд мазкур ишда Б.А. ва Э.Ҳ.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) бўйича айбдор деб топди ва уларга мос равишда 7 ҳамда 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Шунингдек, улар махсус қабулхонада сақланганлик учун 357 минг ва 255 минг сўм тўлашлари керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ходими калтакланган дўкон атрофида бир неча кундан бери муҳокамалар давом этмоқда. Компания асосчиси зўравонликни қоралаб чиққанди, аммо унинг ўзи ҳам бир неча бор куч ишлатгани ва ходимларга таҳдид қилгани маълум бўлди. Тармоқларда эса дўконни бойкот қилишга даъватлар янграмоқда.

Ҳозирда дўкон асосчиси Омадбек Холматовга нисбатан терговга қадар текширув ишлари кетмоқда.