15 сентябрь куни Будапештда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг бешинчи турида ўзбекистонлик шахматчилар аввалги учрашувдаги мағлубиятидан сўнг вазиятни ўнглаб олди, аёллар терма жамоаси эса илк мағлубиятга учради.

Эркаклар терма жамоаси вакиллари биринчи даврада Тринидад ва Тобаголик рақибларини 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этишди. Иккинчи ва учинчи турда Миср ва Хорватия терма жамоаларига қарши ҳам худди шундай ҳисоб қайд этилди. Бироқ, тўртинчи турда Вьетнамга имкониятни бой бериб қўйди (1:3).

Бешинчи турда Ўзбекистонга (ўртача рейтинг — 2690, 4-рақамли) Гаити, Уэлс ва БАА терма жамоаларини мағлуб этган, бироқ Озарбайжонга имкониятни бой берган Молдова терма жамоаси (2542, 34-ўрин) рақиблик қилди.

Нодирбек Абдусатторов Иван Скицкони (партия), Жавоҳир Синдаров Виорел Бологанданни, Шамсиддин Воҳидов эса Виорел Иордекескуни мағлуб этди. Нодирбек Якуббаев Егор Лашкин билан дуранг ўйнади.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси (рейтинг — 2176, 34-рақамли) сўнгги икки учрашувда рейтинги юқорироқ бўлган рақиблар — Венгрия (2320, 14) ва Болгария (2355, 12) устидан ғалаба қозонди. Бешинчи турда уларга турнир фаворитларидан бири бўлган Грузия терма жамоаси (2462, 2-ўрин) рақиблик қилди.

Бу сафар ўзбек аёллари кичик ҳисобда мағлубиятга учради. 14 ёшли Афруза Ҳамдамова дунёнинг энг кучли шахматчиларидан бири, 37 ёшли Нана Дзагнидзе билан, Нилуфар Якуббаева Лела Жавахишвили, Умида Омонова Нино Бациашвили билан дуранг ўйнади.

Маржона Маликова ҳал қилувчи ўйинда Бела Хотенашвилига имкониятни бой бериб қўйди.

Айни дамда аёллар ўртасидаги бор-йўғи учта жамоа — Ҳиндистон, Арманистон ва Мўғулистонда 10 тадан 10 очко мавжуд. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 15-поғонага тушиб кетди, аммо олдинда ҳали 6 тур бор.

Эркаклар ўртасида Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам ва Венгрия 100 фоизлик натижа қайд этган. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 7-ўринга кўтарилди.

шахмат, шахмат олимпиадаси

Олтинчи турда эркаклар терма жамоаси Исроилга, аёллар терма жамоаси Голландияга қарши баҳс олиб боради.

Олимпиада

10 сентябрь куни Будапештда шахмат бўйича икки йилда бир марта ўтказиладиган энг йирик жамоавий мусобақа 45-шахмат олимпиадаси бошланди. Турнирда 381 та жамоа иштирок этмоқда, улардан 197 та жамоа очиқ секцияда, 184 таси аёллар чемпионатида.

Жамоалар ҳар икки бўлимда тўрт нафар ўйинчи + битта захира ўйинчиси билан бирга иштирок этади. Мусобақа Швейцария тизими бўйича 11 раундда ўтказилади, вақт назорати 40 та юриш учун 90 дақиқа, қўшимча равишда ўйин тугашига 30 дақиқа қўшилади, бунда ҳар бир юриш учун 30 сония берилади.

Мусобақада Ўзбекистон эркаклар терма жамоасидан Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Якуббаев, Жавоҳир Синдаров, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов, аёллар терма жамоасидан Афруза Ҳамдамова, Нилуфар Якуббаева, Умида Омонова, Маржона Маликова ва Нодира Нодиржановалар иштирок этмоқда.

Эркаклар терма жамоаси сардори россиялик, собиқ жаҳон чемпиони, шахматнинг XXI аср фаворитларидан бири Владимир Крамник, аёллар терма жамоаси сардори ҳам россиялик гроссмейстер, шахмат олимпиадасида уч марта ғолиб бўлган Алексей Дреевдир.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон шахматчилари ва уларнинг рақибларининг ушбу турнирдаги имкониятларини таҳлил қилганди.