«Борис» бўрони туфайли кучли ёмғирлар Марказий Европада сўнгги йигирма йил ичидаги энг кучли сув тошқинини келтириб чиқарди, деб хабар берди Reuters.

Ўтган дам олиш кунлари Чехия ва Польша ўртасидаги чегара ҳудудлари энг кўп зарар кўрди. Минглаб уйларни сув босди, баъзи жойларда кўприкларни сув ювиб кетди.

Австрия, Польша, Чехия ва Руминияда содир бўлган табиий офат оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. Энг кўп қурбонлар Руминияда, у ерда 6 киши ҳалок бўлган.

Қуйи Австрия ҳукумати минтақанинг барча ҳудудини «офат зонаси» деб эълон қилди. Австрия пойтахти Вена шаҳрида жамоат транспорти фаолиятида узилишлар кузатилмоқда.

Чехиянинг Прага шаҳридан 230 км узоқликда жойлашган Литовел шаҳрининг тахминан 70 фоизи сув остида қолган. Праганинг қоқ марказида тошқинга қарши иншоотлар ўрнатилди. Мамлакат бўйлаб жами 12 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди.

Польшада табиий офат режими жорий этилди. «Ваколатли вазирлар ва хизматлар билан маслаҳатлашувлардан сўнг мен Вазирлар Кенгашининг табиий офат режимини жорий этиш тўғрисидаги фармойишини тайёрлашни топширдим», — деди мамлакат бош вазири Дональд Туск.

Венгрия ва Словакия расмийлари яқин кунларда Дунай дарёсининг сув сатҳи рекорд даражага яқинлашишини кутмоқда. Венгрия Ички ишлар вазири Шандор Пинтернинг айтишича, 12 минг аскар сув тошқинига тайёр ҳолатда турибди.