Ўзбекистон мезбонлик қилаётган футзал бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистонга қўшни икки мамлакат — Афғонистон ва Тожикистон бундай йирик халқаро мусобақада дебют қилди. Афғонлар 15 сентябрь куни Африка вакили ҳисобланган Ангола устидан 6:4 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, Тожикистон 16 сентябрь куни Африканинг бошқа бир вакили — Марокашга 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди.

Куннинг бошқа ўйинлари натижалари билан қуйида танишиш мумкин.

16 сентябрь, душанба
«Е» гуруҳи, 1-тур учрашувлари

Португалия — Панама 10:1

Голлар: Хайме Пеналоза (5, автогол), Афонсу Жезуш (6, 16), Бруну Коэлью (8), Томаш Пако (11), Эрик (12), Андре Коэлью (17, 29), Катчи (20), Пани Варела (37) — Альфонсо Макуенси (35).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Эрик (Португалия).

Португалия футзал бўйича жаҳон чемпионатлари тарихидаги ўзининг энг йирик ғалабасини яна бир бор такрорлаб, мусобақа ғолиблигига асосий даъвогарлардан бири эканини очиқ билдирди.

«Ҳумо Арена»да бўлиб ўтган ўйинда Андре Коэлью ва Афонсу Жезуш дублни расмийлаштирган бўлса, Катчи ва Томаш Пако жаҳон чемпионатларидаги биринчи голларини урди.

Келаси турда Португалия Тожикистонни синовдан ўтказади, Панама эса Марокашга қарши майдонга чиқади.

Тожикистон — Марокаш 2:4

Голлар: Самандар Ризомов (34), Файзали Сардоров (39) — Усмон Бумезу (1, 29), Суфён Шарруи (37), Идрис Раис эл-Фенни (38).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Абдулкарим Анбиё (Марокаш).

Тожикистон учун ўйин нисбатан оғир бошланди — марокашликлар 23-сониядаёқ Феруз Бекмуродов дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди.

Пайров Воҳидов шогирдлари иккинчи таймда вазиятни ўнглашга жиддий уринди — 34-дақиқада Самандар Ризомов, орадан беш дақиқа ўтиб Файзали Сардоров гол урди, аммо бу голлар фақат ҳисоб қисқартиришга яради, холос.

Кейинги турда, 19 сентябрь куни Тожикистон энди Португалияга қарши майдонга чиқади, Марокаш эса 1-турда Португалиядан 10 та гол ўтказиб юборган Панама билан баҳс олиб боради. Ҳар иккала ўйин «Ҳумо Арена»да бўлиб ўтади.

«Ф» гуруҳи, 1-тур учрашувлари

Эрон — Венесуэла 7:1

Голлар: Салор Оғапур (7, 23), Маҳди Каримий (10, 13), Беҳруз Азимий (19, 39), Амир Ҳусайн Довудий (27) — Милтон Франсиа (15).

Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Салор Оғапур (Эрон).

Фото: ФИФАФото: ФИФА

Салор Оғапурнинг жамоавий ўйин маҳсулига айланган ажойиб голи ўйинда ҳисобни очган бўлса, кейинчалик унинг ўзи, шунингдек, Маҳди Каримий ва Беҳруз Азимий ҳам дублни расмийлаштиришга муваффақ бўлди. Осиё футзал гигантларининг етти голига Венесуэла фақат бир марта жавоб бера олди, холос.

Энди пайшанба куни Эрон Лотин Америкасининг бошқа бир вакили — Гватемалага қарши майдонга чиқади, мусобақадаги ҳозирча ягона голи Милтон Франсиа ҳисобига ёзилган Венесуэла эса Франция термаси билан ўйнайди. Ҳар иккала ўйин ҳам Бухорода бўлиб ўтади.

Гватемала — Франция 3:6

Голлар: Марвин Сандовал (2), Роман Альварадо (10), Патрик Руис (20) — Артур Чапчет (13, 18), Суҳайл Муҳиддин (21), Кевин Рамирес (31), Абдусамад Муҳаммад (32), Нельсон Лутин (37).

Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Суҳайл Муҳиддин (Франция).

Фото: ФИФАФото: ФИФА

Гватемала ва Франция тўқнашувини мусобақанинг энг драматик баҳсларидан бири, дея эътироф этиш мумкин. Лотин Америкаси вакиллари биринчи бўлиб ҳисобни очди, ҳатто икки тўп фарқи билан олдинга ҳам чиқиб олди, биринчи бўлимни ғолиб сифатида якунлади. Аммо бу устунликни ўйин охиригача сақлаб қола олмади.

Аввалига Артур Чапчет ва Суҳайл Муҳиддиннинг голлари Францияга вазиятни тенглаштириш имконини берган бўлса, Кевин Рамирес, Абдусамад Муҳаммад ва Нельсон Лутиннинг голлари Гватемалани мағлубиятни тан олишга мажбур қилди.

Рафаэль Рейно шогирдлари энди 19 сентябрь куни Венесуэла билан ўйнайди, Гватемала эса Эрон билан баҳслашади.

Навбатдаги ўйинлар

17 сентябрь, сешанба
«А» гуруҳи, 2-тур
17:30. Тошкент
Коста-Рика — Нидерландия

20:00. Тошкент
Ўзбекистон — Парагвай

«Б» гуруҳи, 2-тур
17:30. Бухоро
Таиланд — Куба

20:00. Бухоро
Бразилия — Хорватия

Учрашувларнинг чипталарини онлайн сотиб олиш мумкин.