Тармоқларда Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган Inbazar кийим дўкони ишчиси бошқа бир ходимни калтаклагани акс этган видео тарқалди. Ҳолатни ўрганган шаҳар ИИББ хабарига кўра, 13 сентябрь куни савдо мажмуасининг 23 ёшли ходими ўзаро келишмовчилик оқибатида бирга ишловчи 18 ёшли ходимни қўли билан урган. Воқеани эса бошқа бир ходим видеотасвирга туширган.

Тарқалган видеолардан бирига кўра, ходим омборхонада аравачани узоқдан ғилдиратиб юборган. У буни «билмасдан қилгани, аравача қаттиқ тушмайди деган хаёлга борганини» айтган. Яна бир ходим эса у буни атайин қилганини айтиб, узр сўраганига қарамай, йигитни уришда давом этган.

Дўкон асосчиси Омадбек Холматов мазкур ҳолатдан сўнг видеомурожаат билан чиқиб, тарсаки туширган ходимга қонуний чора кўрилишини билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони кўриб, ўзим шокда бўлиб қолдим. Албатта, зўравонлик жазосиз қолмайди. Бу қилинган аблаҳ иши учун, албатта, қонуний жавобгарликка тортилишига «уверень»миз. Йиллар давомида ишхонада ҳам, мижозларга ҳам яхши муомала, ўзаро ҳурмат бўлишига ҳаракат қиламиз. Лекин кўплаб болалар ишлагани учун бунинг назоратини ола олмай қолибмиз. Бунинг учун узр сўраймиз. Лекин бу зўравонликка қаршимиз… Бўлган ҳолат бўйича қонуний чоралар кўриляпти», — деди у.

Дўкон асосчиси мурожаати якунида «бир аблаҳнинг жавобсиз қолмайдиган зўравонлиги учун бутун бир жамоани қораламасликни» илтимос қилди.

Воқеадан сўнг ходимни калтаклаган фуқаро ички ишлар бўлимига олиб борилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (Майда безорилик) аломатлари билан ҳужжатлар расмийлаштирилди. ИИББ хабарига кўра, калтакланган фуқаро мазкур ҳолат юзасидан муқаддам ички ишлар органларига мурожаат қилмаган. Фуқарога қонуний чора кўриш учун иш Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судига юборилган.

inbazar, зўравонлик, омадбек холматов, ходим

Ҳолат рўй берганидан бир кун ўтиб, Inbazar дўконининг Instagram саҳифасида калтакланган шахсга Spark автомобили совға қилингани ҳақида пост пайдо бўлди. Унда дўкон эндиликда ички низомга ҳам қаттиқ эътибор қилиши, ҳолатдан хижолатда экани айтилади.

Машина совға қилингач, блогер Абдураҳмон Фазилов, боксчи Баҳодир Жалолов ва бошқалар дўкон раҳбариятининг қилган ишига «қойил қолгани» ҳақида Instagram`да гапириб чиқди. Улар брендни биргина воқеа сабаб чўктирмасликни, қўллаб-қувватлашни сўради.

Бироқ орадан кўп ўтмай видеолар ўчирилди. Сабаби воқеалар ривожи бир ходимга чора кўрилиши билан якунланмади. Тармоқларда дўкон асосчиси Омадбек Холматовнинг ўзи илгари ходимларини самосуд қилгани, шунингдек, бошқалар орқали ходимларини калтаклашга ҳаракат қилгани акс этган видеолар тарқала бошлади. Уларда, асосан, ходимларнинг мижозларга қўполлик қилгани ҳақида сўз боради.

Хусусан, улардан бирида ходим мижозга қўпол муомала қилгани учун ҳақоратланган бўлса, бошқа бир ҳолатда ташқи кўринишидаги бетартиблик сабаб ишдан бўшатилган.

Жамоага йўлланган яна бир видеомурожаатда Омадбек Холматов ходимларга «ким мижозга ёмон муомала қилса, ходим неча ёш бўлса, ўша ёш, ўша вазндаги бола уни уриб, ер билан бир қилиши» ҳақида огоҳлантирган. «20 ёшли ходим ёмон муомала қилса, 20 ёшли ит олиб келаман, ғажиб ташлайди, огоҳлантириб қўйдим», — деган дўкон асосчиси.

Тармоқ фойдаланувчилари орасида кийим дўконига нисбатан бойкот эълон қилишга оид чақириқлар оммалашмоқда. Шунингдек, бу мавзу карикатуралардан ҳам жой олди.

Аввалроқ дўконни қўллаб-қувватлашга чақирганлар яна вазиятга муносабат билдирди. Абдураҳмон Фазилов ҳам, Баҳодир Жалолов ҳам директорнинг аввалги ишларини билмагани, аввал айтган гаплари «пул эвазига» бўлмаганини таъкидлади.

«Бир соат олдин қўйган видеомда бир ярим мингтадан кўп, шундан мингтаси негатив изоҳ қолдирилди. Азизлар, бу видеони қўйганимда кейинги видеоларни кўрмагандим… Мана, Баҳодир Жалолов ҳам видео қўйган экан. Биз кейинги воқеалардан умуман хабаримиз йўқ эди. Нимаики бўлган бўлса, Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат, қонун доирасида чоралар кўрилмоқда. Биз бу боланинг (Омадбек Холматов — таҳр.) қилган эҳсонларидан хабаримиз бор. Катта-катта хайриялар қилган, „за то“ битта бола Spark`ли бўлиб қолди. Янги видеолардан менинг ҳам, Баҳодирнинг ҳам хабаримиз йўқ эди», — деди Абдураҳмон Фазилов.

«Бир соат олдин бир видеони шошилиб чиқариб қўйдим. Омадиллонинг фақат яхши томонларини кўрганман. Ишчисини деб ўзи ёмонотлиқ бўлиб қолмасин деб тарафини олгандим. Аммо ўзининг видеоларини кўриб, аксинча, фикрим жудаям ўзгарди. Одамнинг ичини билмас экансан. Ўзим ўттизга кириб, икки марта Олимпиадани ютдим, икки марта жаҳон чемпиони бўлдим, лекин ҳаётимда бировга қўл кўтармаганман, биров билан уришмаганман. Уришган бўлсам, фақат рингда уришганман. Ўзим зўравонликка қаршиман, мутлақо қаршиман. Ҳар хил изоҳлар ёзилмоқда, пул-мул олинган деб. Ҳеч қанақа пулнинг алоқаси йўқ. Inbazar билан ҳам шартномани аллақачон тугатганман», — деди боксчи.

Дўкон асосчисининг ўзи яна бир видеомурожаат билан чиқди ва у акс видеолардаги ҳолатлар анча йиллар олдин содир бўлганини айтди.

«Жуда қойил қолса бўлади. Видеолар худди 10 йил шакллантирилганга ўхшайди. Стоянкада бўлган ҳолатда 4 кишини урган ходимимизни эмоцияда қўрқитиб қўйган видеомизни тарқатишяпти. Унинг урган видеоси ҳам бор… Воқеага камида 3−4 йил бўлган. Майли, ҳаммаси ўтар, лекин унда ҳар бир одамнинг умри давомида уришган видеоларининг ҳаммасини интернетга қўяйлик», — дея таъкидлади у.

Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси «Газетa.uz»га берган изоҳида Омадбек Холматовга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди.

«Бу шахсга нисбатан интернетда тарқалган видеолар юзасидан терговга кадар текширув ўтказилмоқда. У [видеодаги] ҳолатлар эски бўлиб, муқаддам ҳеч ким ариза билан мурожаат қилмаган. Ҳозир видеода акс этганларнинг шахси аниқланиб, текширув ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.

Бошқа муносабатлар

Нурбек Алимов, блогер:

Ўзини ҳурмат қилган одамлар қайтиб Inbazar`га яқинлашмаслиги керак. Онгли истеъмолчи бўлинг. Кўча разборка ва қон, инсонларнинг қадри топталиши устига қурилган бизнесларни гуллатишга ҳисса қўшманг. Бугун чиққан видеолардан кейинги фикр бу.

Азиза Қурбонова, журналист:

Шу кейсдан кейин кўп гуруҳларда, айнан ўсмир болалар, йигитларнинг #me_too (яъни менда ҳам бўлган, мен ҳам гувоҳман) деган ҳикояларини ўқидим, гаплашдим. Бу ҳолатлар ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат юритилмайдиган, ёлланма ишчилар жалб қилинадиган хусусий бизнесда кўпроқ учрайди деб айтишяпти.

Биз йигитларни «эркак бўл», «терпила бўлма», «сотқинлик қилма», «чида» деб тарбиялайдиган жамиятмиз. Самосудлар, шахсиятга дахл қилишга муросасиз кураш кераклигини айтмаймиз. Inbazar`га умрим бино бўлиб бормаганман, эндиям бормайман. Алимовнинг гапига қўшиламан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини калтаклайдиган бу тадбиркорга чора кўриши керак.

Муҳрим Аъзамхўжаев, журналист:

Inbazar`нинг барча муштумзўр масъуллари, муштумзўр ходимлари жавобгарликка тортилиши, бу жараёнларнинг очиқ ва ошкоралиги таъминланиши шарт.

Аъзам Қаҳрамоний, блогер:

Пули кўп, бизнесмен, қудратли одамлар ҳам жавоб бериши керак. Мана шу ҳолат шуни кўрсатиши керак. Биз энди жим туришимиз керак эмас. Охиригача кузатишимиз керак. Мана бу иш (дўкон асосчисига оид видеолардаги ҳолат — таҳр.) ҳам судга оширилиши керак. Уни ҳам кўришимиз керак, нима билан тугайди, қанча берилади, жаримами, қамоқми…

Кирилл Альтман, журналист:

Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари компания ходимларига нисбатан жисмоний зўравонлик видеоси туфайли Inbazar дўконини бойкот қила бошлади. Менимча, бу жуда ажойиб.

Шаҳноза Соатова, блогер:

Inbazar иши бўйича фақат айсбергнинг учини кўряпмиз. Бир савол-да, агар шу зўравонлик қилаётганар ва қурбонлар ўрни алмашса, яъни калтакланаётганлар қўлида имконияту куч бўлиб қолса, улар қандай йўл тутар эди? Аниқ гап айтиш қийину, лекин Inbazar истисно эмас, бу жамиятда мавжуд «мушткетди менталитети»нинг иситмаси.

Боласини урадиган ота-оналардан тортиб хотинини урадиган эрларгача. қўл остидагига зўравонлик кўрсатадиган раҳбарлардан тортиб опасини уриб ўлдирадигн укагача — ҳаммаси жисмоний куч ва зулмни муаммонинг ечими сифатида кўриш оқибати.

Яхши тарбия, яхши бошқарув, сўз ва бошқа қонуний амаллар билан таъсир кўрсатиш учун ақл ва ментал таъсир кучига эга бўлиши керак. Куч ишлатиш эса энг осон йўли. Куч билан бошқарувдан ақл билан бошқарувга ўтиш — ўсиш дегани. Менежмент бу куч эмас, илм аввало. Урмай-сўкмай тарбиялаш ва бошқариш қўлингиздан келмаса, сиз раҳбар эмассиз. Ўзингизни бошқаролмаяпсиз-ку!