Тошкентда кўчмас мулк ва қарзлар билан боғлиқ фирибгарликда гумонланган уч киши қўлга олинди. Улар фуқароларнинг мол-мулкини алдов йўли билан эгаллаб олган, дея хабар берди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида аниқланишича, 1989 йилда туғилган Роминов Сардор Фарходович, 1990 йилда туғилган Юлдашев Бахтиёр Хабибулла ўғли, 1993 йилда туғилган Хусаинов Тимур Рустамович бир қатор жиноятлар содир этганликда гумон қилинмоқда.

Жумладан, ушбу шахслар фуқароларга фоиз эвазига пул бериб, қарз олган шахснинг номида бўлган турар-жой ва бошқа кўчмас мулкларини гаров эвазига ўзининг номига расмийлаштириб олган. Фуқаролар белгиланган муддатда қарз ва фоизларини бермаган тақдирда уй-жойдан оиласи билан чиқариб юбориш ва мулкини тортиб олиш билан шуғулланиб келган.

Гаровга қўйилган мулк миқдори фоиз эвазига берилган пул маблағидан 3−4 баробар кўп бўлган. Шунингдек, улар фуқаро билан қарз ёки олди-сотди шартномаси тузилганидан сўнг келишилган суммадан кам миқдорда пул берганлар. Мисол учун, фуқаро улардан 100 минг АҚШ долларини фоиз эвазига сўраса, олди-сотди ёки қарз шартномаси расмийлаштириб бўлганидан сўнг 65 000, 70 000 АҚШ доллари атрофида пулларни бериб, қолган пулларни маклерлик хизмати, бошқа харажатлар учун олиб қолгани ҳақида айтади, кейинчалик фоиз тўловларни камайтириб бериши ҳамда тўловлар кечикса безовта қилмаслиги ҳақида айтиб алдаган.

Тергов жараёнида 1989 йилда туғилган Роминов Сардор Фарходович, 1990 йилда туғилган Юлдашев Бахтиёр Хабибулла ўғли ва 1993 йилда туғилган Хусаинов Тимур Рустамовичлар жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Шаҳар ИИББ ушбу шахслардан жабр кўрган ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича бирор маълумотга эга бўлган фуқаролардан 71 206 40 97 ёки 102 рақамларига ёхуд 90 976 28 21 Телеграм рақамига мурожаат қилишни сўраган. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланиши маълум қилинган.